Хитойнинг “Global Times” газетасида ўзбек палови ҳақида мақола чоп этилди

18.05.2020 10:37

ТОШКЕНТ, 18 май. /“Дунё” АА/. Хитойнинг “Global Times” кундалик газетасида “Ўзбек палови: Буюк ипак йўлининг шоҳона таомидан татиб кўриш имкониятини бой берманг” сарлавҳаси остида мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақола муаллифи Янг Шу Ўзбекистонга қилган сафари таассуротларини қуйидагича баён қилади: “Сафар олдидан юртингизда бўлган дўстимдан мамлакатингиз ҳақида сўраганимда, у менга Ўзбекистонда тарихий осори-атиқалар, гўзал меъморий бинолар, шарқона бозорлар, меҳмондўст одамларни кўрасан, лекин энг муҳими шоҳона таом паловни татиб кўришимни айтди. Ҳақиқатдан ҳам дўстим адашмаган экан, ош ўзбек ошхонасининг шоҳи эканига яна бир бор амин бўлдим”.

Мақола муаллифи Марказий Осиё мамлакатлари орасида Ўзбекистон ўзининг миллий урф-одатлари, мазали ва менюга бой ошхонаси билан ажралиб туришини айтади.

“Палов минтақа мамлакатларининг барчасида учраса-да, ўзбек оши улар орасида энг зўри. Ўзбекистонга келган хорижлик меҳмон борки, бир бор бўлса-да, паловни татиб кўриши керак”, дея қайд этади муаллиф.

Янг Шу ўз мақоласида Ўзбекистонда ош тайёрлаш ва унинг тарихи ҳақидаги маълумотлар билан ҳам бўлишади.

“Туғилган кун, тўй, турли маросимлар ва байрамлар борки, улар ош таомисиз ўтмайди. Тошкентда бўлиб ўтган анъанавий маданият фестивалида рекорд даражадаги ош тайёрланди. 50 дан зиёд ошпаз диаметри 4,2 метр бўлган қозонда беш соат ичида 7 минг 360 килограммлик палов тайёрланиб, жаҳон рекорди ўрнатилди”, дейилади мақолада.

Хитой жамоатчилиги ушбу мақола орқали мамлакатимизда ош ва унинг ҳудудлар кесимида тайёрланиш усуллари ҳақида батафсил маълумотга эга бўлади.

“Ошни еган инсон узоқ вақт ўзини тетик ва тўқ ҳис қилгани боис у олис сафарга чиққан инсонларнинг севимли таоми ҳисобланган. Аслида, ўзбек ошхонасининг кўплаб анъанавий таомлари юқори калорияли овқатлардан иборат. Улар асосан гўшт, мол ёғи, ёнғоқ ва писта мойи, дон ва зираворлардан тайёрланади. Аммо маҳаллий аҳоли кучли калорияга эга бундай таомларни ейишдан хавотирга тушмайди. Сабаби Ўзбекистонда овқатланиш маданияти мувозанат тамойилига асосланган: ҳўл мева ва сабзавотларнинг кўплиги ёғли таомлар ҳазм бўлишини яхшилайди. Бундан ташқари, мавсумий таомлар ўзбек ошхоналарида кенг тарқалган бўлиб, улар иқлимга ва витаминларга бўлган эҳтиёжга қараб ўзгариб туради. Масалан, халқ табобатига кўра, баҳорда кўпроқ кўкатларни истеъмол қилиш тавсия этилади. Шу сабаб баҳорий байрамларда дастурхонга турли кўкатлардан тайёрланган сумалак, сомса ва пишириқлар тортилади”, дейилади хабарда.

“Ўзбекистонга сафарим чоғида маҳаллий аҳоли ўзбек миллий ошпазлик маданияти 3 минг йиллик тарихга эга эканини айтиб беришди. Энг муҳими, пазандалик – бу Ўзбекистонда жиддий фан саналади. XI асрнинг машҳур мутафаккири Абу Райҳон Беруний яшаб ўтган замонларда овқат тайёрлаш инсон саломатлиги ва соғлом турмуш тарзининг мезони бўлган”, дея илмий асослар орқали ўз мақоласига хотима ясайди муаллиф.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net