Польшада Ўзбекистон тарихига бағишланган фотокўргазма ва халқ амалий санъати намуналари экспозицияси очилди

30.11.2021 15:22

ВАРШАВА, 30 ноябрь. /«Дунё» АА/. Польшанинг Ополе шаҳрида таниқли поляк сайёҳи, этнографи ва тарихчиси Леон Баршевский томонидан XIX асрнинг иккинчи ярмида Самарқанд шаҳрида тасвирга олинган фотосуратлар кўргазмаси ҳамда халқ амалий санъати намуналари экспозицияси очилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Тадбир Ўзбекистон элчихонаси томонидан минтақа марказий кутубхонаси, шунингдек, Леон Баршевскийнинг эвараси ва архив эгаси ?гор Строецкий билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Фотоматериаллар муаллифи Самарқандда 1876 йилдан бошлаб 21 йил давомида яшаб, ўзбек халқининг анъана ва урф-одатлари, ўша даврдаги тарихий воқеалар акс этган 3 мингдан ортиқ сурат қолдирган.

Ушбу кўргазмани ўтказишдан мақсад Ўзбекистоннинг бой тарихи, маданияти, анъаналари, шунингдек, амалий санъати ва сайёҳлик салоҳиятини намойиш этишдан иборат.

Тадбирда минтақа администрацияси ва марказий музей ходимлари, тарихчилар, маданият ва санъат намояндалари, таниқли амалий санъат усталари, журналистлар ва маҳаллий аҳоли вакиллари иштирок этди.

Кўргазмада ўша даврга оид 600 га яқин фотосурат, 50 дан ортиқ экспонат, жумладан, ҳунармандчилик маҳсулотлари, миллий либослар, заргарлик буюмлари ва бошқа амалий санъат асарлари намойиш этилмоқда.

Декабрь ойининг охирига қадар давом этадиган кўргазма Ўзбекистоннинг кўп асрлик тарихида яна бир саҳифани кашф этиш ва мамлакат маданиятига қизиқиш билдирган этнограф ва санъатшунос, тарихчи ҳамда музейшунослар, шунингдек, халқ амалий санъати ихлосмандлари ва мухлисларининг эътиборини тортмоқда.

Ўзбекистон элчиси Баҳром Бобоев Ўзбекистоннинг қадимий ва замонавий тарихи, мамлакатимиз мустақил тараққиёт йилларида эришаётган муваффақиятлар ҳақида сўзлаб берди. Республикада туризм саноатини ривожлантириш, ҳунармандчилик анъаналари, миллий урф-одатлар ва бой меросимизни асраб-авайлаш учун яратилган шарт-шароитларни қайд этди.

Кўргазма иштирокчилари диққат-эътибори Ўзбекистон раҳбарияти томонидан амалий санъат ва халқ ҳунармандчилиги, шунингдек, туризм индустриясини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар ва дастурларга қаратилди.

Тадбирда меҳмонларга Ўзбекистон тарихи, маданияти ва замонавий тараққиётига оид  ахборот материаллари, буклетлар, турли босма маҳсулотлар тарқатилди.

Фотокўргазманинг расмий очилиш маросими оммавий ахборот воситаларида, жумладан, маҳаллий телеканал, ҳудуд администрацияси ва марказий музей веб-сайтларида кенг ёритилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net