Озарбайжонда Низомий Ганжавий «Хамса»сининг ўзбек тилидаги китобининг тақдимоти ўтказилди

26.11.2021 15:18

БОКУ, 26 ноябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков бошчилигидаги  тадқиқотчилар, адабиётшунос ва таржимон олимлардан иборат делегация Озарбайжон пойтахтида Низомий Ганжавийнинг 880 йиллигига бағишланган халқаро форумда иштирок этмоқда, деб хабар қилмоқда «Дунё» АА мухбири.

Мамлакатимизнинг Бокудаги  элчихонаси маълумотига кўра,   адабий халқаро анжуман доирасида кеча  Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги маданият маркази томонидан  Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камол томонидан ўзбек тилига таржима қилинган Низомий Ганжавийнинг «Хамса»  китобининг  тақдимоти бўлиб ўтди.

Тақдимотда Маданият маркази директори Самир Аббасов, Озарбайжон маданият вазирининг биринчи ўринбосари Элнур Алиев,  мамлакатимиз элчиси Баҳром Ашрафхонов сўзга чиқиб, туркий тилда битилган илк «Хамса» асарининг мазмун-моҳияти ва халқларимиз маданий меросига қўшган ҳиссасини эътироф этди. Китоб тақдимотида Ўзбекистон ва Озарбайжон олимлари, адабиётшунос ва тилшунослар ушбу таржима ҳақидаги ўз баҳо ва қарашларини билдирди.

Низомий Ганжавий асарларининг ўзбек адабий муҳитидаги  ўрни таъкидланди. Озар халқининг буюк мутафаккирининг номи ғазал мулкининг султони Алишер Навоий номи билан чамбарчас боғлиқ экани қайд этилди.  

Тақдимот иштирокчилар таъкидлаганидек, Ганжавий ва Навоий  томонидан туркий халқларга қолдирган буюк мерос бугунги кунда Ўзбекистон-Озарбайжон ўртасидаги  адабий ва  маданий алоқаларнинг ривож топишига беминнат хизмат қилмоқда.  

Шу билан бирга, Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камол томонидан ўзбек тилига таржима қилинган Низомий Ганжавийнинг «Хамса»си ўзбек ва озар халқларининг маданий алоқалари авлоддан-авлодга ўтиб бораётганининг ёрқин ифодаси экани эътироф этилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net