Наврўз - қадимий қадриятларимиз тантанаси

04.03.2020 14:40

ТОШКЕНТ, 4 март. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «2020 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорни имзолади. Унда халқимизнинг қадимий ва тарихий байрамини жойларда умумхалқ сайиллари шаклида юқори савияда нишонлаш белгиланди. Бу йилги Наврўз шодиёналари «Наврўзинг – янги кун, янги давронинг муборак, жонажон Ўзбекистоним!» деган эзгу ғояни ўзида мужассам этади. 

Президент қарорида халқимиз миллий юксалиш ва миллий тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйган ҳозирги вақтда барча эзгу қадрият ва анъаналаримиз қатори Наврўз байрамининг ҳам ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бораётгани алоҳида қайд этилган.

Айниқса, ушбу қадимий байрамнинг руҳи ва фалсафасида мужассам бўлган яшариш ва янгиланиш, яхшилик ва бағрикенглик, табиатни асраб-авайлаб, доимо у билан уйғун бўлиб яшаш каби ўлмас ғоялар бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг асосий мақсади ва маъно-мазмунига ғоят ҳамоҳанг эканини таъкидлаш лозим.

Ҳужжатда Наврўз кунларида инсон ва табиат ўртасидаги уйғунлик, она заминга меҳр ва эътибор яққол ўз ифодасини топишини кўрсатиб берадиган, атроф-муҳитни, унинг неъматларини асраб-авайлаш, бугунги тинч ҳаётни қадрлаб, шукроналик туйғуси билан яшашга даъват этадиган маънавий-маърифий тадбирларни уюштириш кўрсатиб ўтилган.

Юртимизда миллатлараро дўстлик ва тотувлик муҳитини мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган тизимли ишларнинг амалий натижалари, Ўзбекистон фуқароси бўлган турли миллат ва элат вакилларининг Наврўзни нишонлашга оид урф-одатлари, анъана ва қадриятларини кенг намойиш этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Уч минг йилдан зиёд тарихга эга Наврўзи олам – шарқона янги йил ўзининг янгиланиш, баҳор нафасини бошлаб келиши, халқимизнинг табиати, онгу тафаккури, қалбига чуқур сингиб кетгани, ҳар қайси оила, ҳар қайси хонадонга шоду хуррамлик олиб кириши билан биз учун энг қадрли, азиз ва суюкли миллий байрамдир. 

Наврўз байрамининг нишонланиш тарихи билан боғлиқ маълумотлар турлича талқин қилинади. Жумладан, Абу Райҳон Беруний шундай ёзади: «Наврўз ўтмиш замонларда қуёшнинг саратон буржига кириш пайтига тўғри келар эди. Сўнгра у орқага сурилгач, баҳорда келадиган бўлди. Энди у бутун йил унга хизмат қиладиган бир вақтда, яъни баҳор ёмғирининг биринчи томчиси тушишидан гуллар очилгунча, ҳайвонларда уйғониш мавсуми бошланишидан то насл вужудга келгунича давом этган вақтда келади. Шунинг учун Наврўз оламнинг бошланиши ва яратилишига далил қилинган».

Наврўз байрамига оид қайдлар қадимги Хитой солномаларида ҳам учрайди. Хусусан, қадимги Хитой муаррихи Вэй Цзе самарқандликлар нишонлаган Наврўз байрами ҳақида шундай ёзган: «Ўша куни подшоҳ ҳам, халқ ҳам янги либосларини кияди, соч-соқолларини олдиради. Шаҳарнинг кунчиқар тарафидаги дарахтзор ёнида жойлашган майдонда тўпланишиб, байрам қилишади. Етти кун мобайнида моҳир тирандозлар от чоптириб, камондан нишонга ўқ отиш баҳсида қатнашади. Еттинчи кун нишон ўрнида олтин танга қўйилади ва уни бехато урган мерган бир кун шоҳлик қилиш ҳуқуқини қўлга киритади».

Шундан билиш мумкинки, Хитойдан то Болқонга қадар чўзилган минтақада муайян халқлар, хусусан, Эрон, Афғонистон, ?роқ, Сурия, Озарбайжон, Баҳрайн, Ливан, Покистон, Ҳиндистон, Марказий Осиё мамлакатлари, Туркия, Албания ҳамда бошқа ўлкалардаги миллатлар баҳорги тенгкунликни бир неча минг йилдан бери тантана қилиб келмоқда. Умуман олганда, Наврўз байрами инсоният ўзлигини илк бор ёрқин намоён эта олгани билан ҳам аҳамиятлидир.

Наврўз 2009 йил 30 сентябрь куни ЮНЕСКО томонидан инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилди. 2010 йил 19 февраль куни БМТ Бош Ассамблеясининг 64-сессиясида 21 мартни халқаро Наврўз куни сифатида нишонлаш тўғрисида қарор қабул қилинди. Бу байрам эндиликда халқаро ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим роль ўйнаётганига ҳеч ким шубҳа қилмайди. БМТ томонидан қабул қилинган қарорга кўра, Наврўз нишонланадиган мамлакатлар байрам билан боғлиқ анъана ва унинг келиб чиқиш тарихини ўрганиб, бу меросни халқаро миқёсда кенг тарғиб қилмоқда.

Шу тариқа Наврўз бирор бир миллат ёки маданиятнинг байрами сифатида эмас, балки бутун инсоният меросининг ажралмас қисмига айланди. Наврўз яхши қўшничилик, ҳамкорлик, маданиятлараро мулоқотни рағбатлантиришга хизмат қилиши шубҳасиз.

БМТнинг саккизинчи Бош котиби Пан Ги Мун ҳам Наврўз инсоният маданиятининг бир қисми эканига алоҳида эътибор қаратган эди. «Наврўз – бу бугунги чегаралар ва ихтилофлардан қадимийроқ байрам. У чегаралар муҳим эмаслиги, барчамиз инсон фарзанди эканимизни эслатиб туради. Шу тариқа, Наврўз ўртадаги тўсиқларни бузиб ташлаб, ўзаро ишонч муҳитини мустаҳкамлайди. Қадимда Наврўз байрами куни урушлар тўхтатилган, гина-кудуратлар, аразлар унутилган. Наврўзда хилма-хил маданиятлар бирлашади. Шунинг учун ҳам ушбу байрам барчага намунадир», - деб қайд этганди у.

 Наврўз айёми кенг халқаро жамоатчилик, хусусан, Ўзбекистонда дипломатик фаолиятини олиб бораётган хорижий давлатлар ваколатхоналари вакилларида ҳам катта таассурот қолдирмоқда.

“Ўзбекистонда ишлаган пайтимда бу ажойиб байрам тантаналарида бир неча бор иштирок этганман. Наврўз хотиржамлик, эзгулик ва тинчлик, бахтли ҳаёт ҳамда баҳор кириб келиши рамзидир. Ўзбекистоннинг ноз-неъматларга бой заминида яшаётганларнинг барчаси Наврўзни хуш кайфият ва катта завқу шавқ билан кутиб олади. Ўзбек халқини ажойиб айём – Наврўз билан самимий муборакбод этишни, унга янада катта фаровонлик, бахту иқбол ва фароғат тилашни истар эдим. Буюк ўзбек шоири Алишер Навоий таъбири билан айтганда, ҳар кунингиз Наврўз бўлсин”, – дея қайд этган эди Хитойнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси лавозимида ишлаган Сунь Лицзе.

Германиядаги “Cultur-Cooperation International e.V” маданият жамияти директори Кэтлин Гёбель эса ушбу қутлуғ айём ҳақида қуйидагиларни таъкидлайди: “Ўзбекистонда Наврўз тинчлик ва ҳамжиҳатлик муҳитида, жамият ҳаётининг турли соҳаларида улкан ютуқларга эришилаётган даврда шодиёна қилинаётгани қувонарлидир. Ушбу байрам ЮНЕСКО томонидан инсоният номоддий маданий мероси рўйхатига киритилган ва 21 март куни БМТ томонидан “Халқаро Наврўз куни” деб эълон қилинган. Ушбу далил дунё ҳамжамияти Наврўзнинг инсонпарварлик, тинчлик, ҳамжиҳатлик ва яхши қўшничилик ғояларини тарғиб қилишдаги аҳамиятини тан олганидан далолат. Биз Германия билан Ўзбекистон ўртасидаги маданий ва гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлаш учун ўзбекистонлик шерикларимиз билан ҳамкорлик қилишдан доим мамнунмиз”.

Шу ўринда таъкидлаш жоиз, Наврўз кунлари мамлакатимизга чет эллик сайёҳлар оқими ҳам сезиларли даражада ортади. Ушбу қарорда ҳам байрамнинг мазкур жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси олдига Наврўз умумхалқ сайилларига хорижий ва маҳаллий туристларнинг ташрифини ташкил этиш мақсадида кенг тарғибот ва тайёргарлик ишларини амалга ошириш вазифалари қўйилди.

 Бир неча йилдирки Наврўз кунлари «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил» миллий дастури йўлга қўйилган. Бу байрам кунлари маҳаллий ва хорижий  фуқароларнинг арзон, қулай нархларда саёҳат қилиши учун катта имконият бўлди.

Бундан ташқари “Uzbekistan Airways” компанияси Наврўз байрами муносабати билан 21–23 март кунлари Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб барча рейсларга 50 фоизгача чегирмалар эълон қилди. Мазкур чегирмалардан Ўзбекистон ва чет эл фуқаролари фойдаланиши мумкин.

 Маълумотларга кўра, ўтган йили Наврўз байрами арафасида фақатгина Самарқанд шаҳрига ташриф буюрган чет эл фуқаролари ўртача 5 минг нафарни, бошқа вилоятлардан ташриф буюрган зиёратчилар эса 18 минг нафарни ташкил қилган.

Хулоса ўрнида айтганда, Наврўз ўзида янгиланиш, яшариш, тинчлик, бунёдкорлик каби умумбашарий ғояларни бирлаштириб келмоқда.

Жобир Хўжақулов,

“Дунё” АА

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net