Жанубий Кореянинг Пусан шаҳри билан ҳудудлараро ҳамкорликни йўлга қўйиш масаласи муҳокама қилинди

09.04.2022 15:04

СЕУЛ, 9 апрель. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Корея Республикасидаги элчихонаси ходимлари Пусан шаҳри мэриясининг Халқаро алоқалар ва савдо бошқармаси директори Шин Хьюн Ки ҳамда ушбу бошқарманинг масъул ходимлари билан музокара ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Пусан «метрополия-шаҳар» мақомига эга, яъни провинция мақомига тенглаштирилган бўлиб, бу ерда 3,5 миллион аҳоли истиқомат қилади. Пусан Жанубий Кореянинг иккинчи йирик шаҳри ҳисобланади, дунёдаги энг катта бардаргоҳ шаҳарлар ичида еттинчи ўринда туради. Пусан шаҳри дунёнинг 23 мамлакатидаги 26 шаҳар билан биродарлик алоқаларини ўрнатган. Бундан ташқари, 6 давлатдан 11 шаҳар билан дўстлик алоқалари ҳам йўлга қўйилган.

Учрашув давомида Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси ўртасидаги дипломатия алоқалари ўрнатилганининг 30 йиллигини кенг нишонлаш доирасида ҳар иккала мамлакат ҳудудларида амалга оширилаётган қатор маданий-маърифий тадбирлар тўғрисида фикр алмашилди. Хусусан, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри жамоасининг Жанубий Корея бўйлаб амалга оширган ижодий сафари доирасида Пусан шаҳридаги йирик санъат саройида концерт дастурининг намойиш этилгани дипломатик алоқаларнинг 30 йиллигига муносиб туҳфа бўлгани алоҳида таъкидланди.

Бўлиб ўтган музокаралар чоғида Пусан ва Самарқанд шаҳарлари ўртасида дўстона алоқаларни ўрнатиш масаласи атрофлича муҳокама қилинди. Бу йўналишдаги амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида тез кунлар ичида Пусан шаҳри мэрияси ҳамда Самарқанд шаҳар ҳокимлиги мутасадди вакиллари иштирокида онлайн-мулоқот тарзидаги учрашувни ўтказишга келишиб олинди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net