Бебаҳо, барҳаёт санъат

21.07.2022 18:04

Миллий мусиқа санъатимиз ғоят бой ва бетакрор.

Унинг равнақ топиши, бор жозибаси ва гўзаллигини намоён этишида устоз санъаткор Комилжон Отаниёзовдек дарға санъаткорларимизнинг ҳиссалари беқиёсдир.  

Шу кунларда устоз санъаткор таваллудига 105 йил тўлди. Манбаларга кўра, Комилжон Отаниёзов 1917 йили 20 июлда Хоразм вилоятининг  Шовот тумани Бўйрачи қишлоғида таваллуд топган. Санъаткор қўшиқсевар  халқимизга хонанда, созанда, актёр ва бастакор сифатида танилгандир. Мусиқага чин кўнгилдан ихлоси, меҳри ва садоқати учун Комилжон Отаниёзов 1949 йили  Ўзбекистон халқ артисти, 1964 йилда  Туркманистон, 1968 йилда эса Қорақалпоғистон  халқ артисти унвонига муносиб топилган.  

Мусиқашунослар ва умуман миллий қўшиқчиликка меҳри баланд ҳар бир инсоннинг  фикрича, устоз санъаткор  ниҳоятда жозибали ва кучли овоз соҳиби бўлиб, ҳар бир асар талқинида бадиий етукликка эришган. Достон йўлларини Бола бахши Абдуллаевдан, Хоразм мақом ашула йўлларини Матпано Худойбергановдан ўрганган. 

Биографик маълумотларга кўра, Комилжон Отаниёзов 1955 йили Тошкентдаги Ҳамза номидаги мусиқа билим юртини тугатган. Кейинчалик эса Тошкент консерваториясида таълим олган. Хоразм театрларида хонанда ва актёр сифатида ишлаб, “Фарҳод ва Ширин” спектаклида Фарҳод, “Тоҳир ва Зуҳра” спектаклида  Тоҳир, Парфи ҳофиз, “Гулсара” спектаклида  Қодир, «Даврон Ота» саҳна асарида Даврон Ота каби образларни яратган. 

Санъатшуносларнинг фикрича, Комилжон Отаниёзов 30-йиллардан мураккаб халқ ашулаларини, достонлардан қўшиқлар айта бошлаган. Хоразм сувора ва мақомлари Комилжон Отаниёзов ижрочилик фаолиятининг юқори босқичи бўлди. Комилжон Отаниёзов Хоразм достон қўшиқ(нома)лари асосида янгича услуб яратган. Бастакор сифатида бу услубда ижод қилган «Салом, сенга Хоразмдан», «Муборак», «Ватан», «Олқиш», «Темир йўл», «Ўзбекистон», «Хоразм» каби қўшиқлари ўзининг оммабоплиги ва халқчиллиги билан ажралиб туради. 

Комилжон Отаниёзов А.Степанов билан ҳамкорликда «Азиз ва Санам», «Ошиқ Ғариб», С.Ҳайитбоев билан «Сўнгги хон» каби мусиқали драмалар ҳам  яратган эди. 

Президент Шавкат Мирзиёев ғояси асосида ҳамда миллий санъатимиз ривожига қаратилаётган эътибор натижасида 2017 йилда мамлакатимизда Комилжон Отаниёзов таваллудининг 100 йиллиги кенг нишонланди. Мусиқа анжуманлари, ижодий танловлар ўтказилди. Санъаткор ижодий меросини ўрганиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар тобора кучайди. Бугунги кунда ҳам мамлакатимизда устоз санъаткор ижодига мурожаат қилмаган ўзбек хонанда ва созандасини топиш мушкул.  

Ўзбек мусиқа санъат мактаби, жумладан, Хоразм мусиқачилик мактаби, айниқса,  Комилжон Отаниёзов ижоди мусиқашунослар, тадқиқотчи олимлар томонидан ўрганилмоқда. Унинг қўшиқлари кўплаб санъаткорлар томонидан ижро этилмоқда. Юртимизга келган нуфузли меҳмонлар, асл санъат ихлосмандларини бу санъат ўзига мафтун этмоқда.  Демакки, устоз хонанданинг  ўзи ҳам ҳануз барҳаётдир.       

Н.Усмонова, ЎзА 

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net