Адабий дўстлик – абадий дўстлик

29.07.2022 18:26

Адабиёт бекати

Бадиий асар таржимони бировнинг томорқасида меҳнат қилаётган деҳқонга ўхшайди. Мен уни, ҳатто, мардикор ҳам дегим келади. Беминнат чеккан машаққати, заҳмати учун. 

“Расул ўзимиз қатори, фақат, унинг Масковдаги таржимонлари зўр”, – дея ёзғиришади ўз вақтида шоир ғанимлари. Бу Ҳамзатовнинг ғашини келтиради. Чунки у чиндан ҳам зўр эди. Аммо Расул Ҳамзатов деган доғистонлик шоир ижоди дунёнинг ҳар бир бурчагида бирдек севимли бўлишида заҳматкаш таржимонларнинг ўрни чиндан ҳам беқиёс эди.

“Сергей Есенин шеърларининг русчасидан кўра ўзбекчаси кўнгилга яқинроқдай”, – деди бир кун шоирнинг мухлиси, ўнлаб шеърларини русчада ёд олган,  рус тилида саводи чиққан ва ўзи ҳам шу тилда у-бу нарсалар машқ қилиб келаётган ўғлим Комрон.  Бу – Сергей Есенин шеърларини ўзбек тилига қойиллатиб ўгирган таржимон, устоз Эркин Воҳидов маҳоратига оддий китобхон берган холис баҳо.

Чет эл адиблари асарларини қўлга олган ўқувчи, агар озгина адабиётдан хабари бўлса, албатта, асарни ким таржима қилгани билан ҳам қизиқади. Озод Шарафутдинов, ?броҳим Ғафуров, Низом Комилов ... ва шунга ўхшаш исм-шарифларни кўриб қўлингиздаги китоб юки, салмоғини тахмин қиласиз. Катта ижодкорлар майда, хашаки ишларга қўл урмайди.

“Таржима – ижодкор учун кони фойда”...

Жангчи жангга киришдан бурун ханжарини чархлаб, бир қур назардан ўтказиб олгани сингари айрим ижодкорлар маълум муддат таржимачилик билан шуғулланиши бор гап. Шавкат Раҳмоннинг “Лорка”си, устоз Хуршид Давроннинг “Денгиз япроқлари”  китоблари худди ана шу йўлда дунёга келган ва адабиёт аҳлига манзур бўлган эди. 

Жуда гўзал ва самимий ижоди билан ўз мухлислари кўнглидан жой олган Карим Баҳриев туркий оламнинг ўзига хос дардли шоири Ромиз Равшан ижодини бизга тақдим этди ва кўпчилик Карим ака сабаб бу шоирни яхши кўриб қолди.

Улуғбек Ҳамдам “?чиндаги ичиндадир”ни ўзбек тилига ўгирганда бу китоб румийхонликнинг янада авж олишига туртки бўлганди. Бир кун ёзувчи акамиз Орзуқул Эргашнинг қўлида шу китобдан бир нечасини кўриб, “О, зўр-ку!” – деганим эсимда. “Дўконларда йўқ, устидан чиқиб қолдим, сотиб олавердим, танишларга совға қиламан”, деганди хоксор адиб. Бундай мисолларни истаганча келтириш мумкин.

Таржимонлик ишининг турган-битгани заҳмат. Л.Толстой, Ф.Достоевский, М.Булгаков, Н. Думбадзе, Э.Хемингуй ва ҳоказо каби даҳо санъаткорлар асарларини қўлга олганимда ?.Ғафуров, Н.Комилов, О.Шарафутдинов каби сўз усталари кўз ўнгимда пайдо бўлади ва уларни ана шу улуғ адиблар билан бир қаторда кўриб мутолаага киришаман. 

Тунов кун рус тилида ижод қиладиган машҳур адибимиз Темур Пўлатов асарларини ўзбек тилида яна бир бор ўқидим. Ўзим билган Шукур Холмирзаев, Эркин Аъзам, Тоҳир Малик таржималаридаги ҳикояларга алоҳида эътибор қаратдим. ?шонинг, ҳар учала ижодкорнинг нафасини ҳис этиб турдим. Айниқса, Шукур Холмирзаев қўтослар ҳақидаги ҳикояни худди ўзи ёзаётгандек жонли тасвирлаб кетади-ки, Шукур ака ҳикоянинг шу жойида ўзидан у-бу нарса қўшвормадимикин, деган  хаёлларга ҳам борасан киши, бу – том маънодаги ижодкорлик. Эркин Аъзам қаламига мансуб таржима ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Ҳақиқий ижодкор, аввало, ўзининг руҳиятига яқин ва бадиий жиҳатдан баланд бўлган асарларни таржима қилади. Ва бу адабиёт учун ҳам, китобхонлар учун ҳам ҳақиқий туҳфа бўлади.

Бадиий асарни таржима қилаётган шоир, ёзувчи, ҳаргиз тилмоч эмас, у том маънодаги ижодкор. Бу гапимга қўлингиздаги “Замонавий тожик шеърияти антологияси” ва унинг таржимони Одил ?кром ижоди яққол мисол. 

Бир неча кунки, антология қўлёзмасини мутолаа қиламан. Одил ака худди Расул Ҳамзатовнинг ғанимлари орзу қилган масковлик таржимонлар каби ҳар бир шеър, сатр устида  бободеҳқондек тер тўккани яққол кўриниб турибди. 

Шу ўринда алоҳида таъкидлашни истардимки, устоз Одил ?кром форс-тожик адабиётининг Ўзбекистондаги энг фаол ва жонкуяр тарғиботчиси. 

Антология. Бу – шунчаки оддий шеърлардан иборат китоб эмас. Унда давр синовидан ўтган не-не сўз заргарлари билан юзма-юз келасиз. Уларнинг аксарияти мен учун таниш. 

Мана, Фарзона. Бу ном илк бор қачон қулоғимга чалинганини аниқ эслайман. Хўжанд Давлат университетининг ”Ўзбек филологияси” факультетига талаба бўлган йилим “бир йил бурун Тожик филологиясини Фарзона исмли шоира қиз битирган”, дейишарди. Мен аввал факультетдаги бир тадбирда ва кейинчалик кўчаларда  баъзан шоирани кўрардим. Кейинроқ унинг овозаси Хужанддан ташқариларга ёйила бошлади. Кўпчилик назарида Лойиқдан кейин тожик адабиётида ярқ этиб кўзга ташланган ва довруғи кетган шоир, бу – Фарзона эди. 

Пойтахт Душанбеда Фарзона иштирок этадиган шеърият кечаларида залларга мухлислар сиғмай кетишини устоз Асқар Маҳкамдан (Оллоҳ раҳмат қилсин) эшитганман. Афсуски, ҳозир менинг қўлимда Фарзонанинг тожик тилидаги китоблари йўқ, лекин Одил ?кром таржимасида унинг Хужандни қоқ иккига бўлиб оқиб ётган Сирдарёдек сокин, аммо, турган-битгани дарду ғалаёнларга тўла шеърларини шошмасдан ўқийман:                 

?шқ – энг тугал хулосаси

                               маърифатларнинг,

Англаб етгин,

?шқ – Худога бириккан қасам.

Шундай экан, баландроқ бўл 

                                      ўзингдан, зеро,

?шқ ўлади, 

Чумолига озор берсанг ҳам.

 

Ёки 

 

Балки, қай бир эски тўрва, 

                                    эски сандиқда

Қолгандир ишқ ва муҳаббат 

                                    юқидан асар.

Туғилмоққа қадар босиб ўтай 

                                          бу йўлни,

То тозармоқ, 

То Худо 

То Ўзимга қадар!

 

Шоиранинг “Нажот”, “?бтидо” каби дард тўла шеърларини қайтиб-қайтиб ўқигинг келаверади.

Одил ака таржима жараёнида шоира шеърлари руҳини жуда юксак пардаларда бера олган. Зар қадрини заргар билади. Ахир, Одил ?кромнинг ўзи ҳам шеър ихлосмандлари томонидан аллақачон эътироф этилган, шеърхонлар меҳрини қозониш бахтига муяссар бўла олган устоз шоир. 

Шоир бўлганда ҳам  қандоқ шоир денг?!.

Унинг “Хаёл мақбараси” китоби ҳақидаги шов-шувлар ҳали-ҳамон босилгани йўқ. Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Ўрозбой оға Абдураҳмонов лутф билан “Одил ?кром хаёлдан мақбара тиклаган шоир”, деб ёзди бир чиқишларида...

Яна бир гапни айтгим келади. Одил ?кром – жуда зийрак ижодкор. Айримлар “Адабиёт – менинг қисматим!” –  дейди уёғини ўйлаб-нетиб ўтирмай. “Ёлғон гапиряпти”, –  дейман беихтиёр. Одил ?кром эса, бошқача. У ҳеч қачон бундай баландпарвоз, кўпчиликка хуш келмайдиган гапни айтмайди, лекин адабиёт ёғида қоврилишдан чўчимайди, жонини аямайди, шубҳа қилсангиз, шоир ижоди билан қизиқиб кўринг.

У ўзбек ва форс-тожик адабиётининг шайдоси. Румий, Бедилдан гапиринг ва томоша қилинг. Сиёсатдан гапирсангиз, энсаси қотади, сўз оқимини адабиёт, шеърга буринг ва яна кузатинг, тундлашиб турган чеҳраси бирдан ёришиб кетади.

Очиғи, Одил аканинг қандай китобларни мутолаа қилиши менга қоронғу, аммо, қандай асарлар таржимасига қўл уришини, қандай асарларни ўқувчига тавсия қилиши мумкинлигини биламан. Қўлингизда турган “Замонавий тожик шеърияти антологияси” бунга далил.

Китобда ҳар бир шоирнинг ўз овози эшитилиб туради, уларга маҳлиё бўлиб қоласиз ва бошқа бир томондан Одил ?кром деган шоирнинг сокин нафасини ҳам аниқ ҳис этиб турасиз. Одил ?кром антологияни том маънода ўзбекчалаштирибди-ку, деган ўй кўнглингиздан ўтаверади. 

Ўзбек ва тожик – икки тилда гаплашувчи битта халқ, деган гапни мен сиёсатга мутлақо алоқаси йўқ, ҳаётий гап – ҳақиқат деб биламан. Қўлингиздаги антологияни бир варақлаб кўринг, заррача бўлсин, бегоналикни ҳис этармикансиз? Йўқ, албатта. 

Бир гапни айтай, тожикистонлик, хусусан, хужандлик аксарият тожик дўстларимиз ўзбек тилида гапирсангиз, елка қисмай, жилмайиб туриб сизни тинглай бошлайди. Мен илк бор бу ҳолатни тожик адабиёти билимдони, таниқли адабиётшунос олим А.Насриддинов билан бўлган мулоқотда сезганман. Домла, мен – оддий талабанинг узундан узоқ ўзбек тилидаги сўзларимни жилмайиб  туриб, хотиржам эшитганлар ва “Шуми бор-йўғи?” – дея бир парча қоғозга қўл қўйиб берганлар. 

?шончим комилки, антология тожик адиблари ва ўзбек китобхонлари учун ажойиб туҳфа бўлади. 

                 

Эй, қалби кўр ғаним, дунёнинг дуни,

Қайтар дунё дерлар, билмассан буни.

Отганингда менга тегмаган тош бу,

Кўтар, мозорингга олиб кет уни...

 

Ёки

                                   

Одамият жанги бошлангач, эсиз,

Қонга ғарқ бўлганин олам этди ҳис.

Бир маймун бошқа бир маймунга айтар:

  • Хайрият, одамга айланмадик биз...

 

Бу сатрлар шоир Озарахш қаламига мансуб. Менинг назаримда, антологиядан ўрин олган шоирлар худди Озарахш ва Фарзона каби руҳан бир-бирларини тўлдириб туради. Бу бутунлик бизга замонавий тожик шеърияти ҳақида, тўғрироғи, унинг яқин бир асрлик мавқеи, ютуқларидан дарак бериб туради.     

Одил ?кром таржимасидаги “Замонавий тожик шеърияти антологияси” бир неча авлод шоирлари шеърларидан иборат ажойиб гулдаста. Унда 60 нафарга яқин тожик шоирининг овози баралла эшитилиб туради.

Одатда, антология тайёрланаётганда  “Кимларни киритиш керак?” –  деган масала кун тартибига чиқади, қаттиқ тортишувларга “старт” берилади. Баҳслар гоҳ ошкора, гоҳ пинҳона, катта-кичик идораларда узоқ давом этади. Табиийки, битта-яримта пичоққа илинадиган ижодкор четлаб ўтилади. Шундай қилинмаса, антология – антология бўладими?..

Аммо ўша оқ фотиҳа олган манглайи ярқираган шоирларнинг энг яхши асарини танлаб антологияга киритиш масаласига келганда, негадир муҳаррирда ҳафсала ўлган бўлади. Буниси, муҳим эмас, муҳими, унинг номи. Номи бор-ку, шунисига раҳмат десин, дейди. Шу маънода, “Замонавий тожик шеърияти антологияси”ни тайёрлаган ижодкорлар бундай номақбул йўл тутмагани кишини хурсанд қилади. 

Дарвоқе, антология Садриддин Айнийнинг шеърлари билан бошланади.

Менга Айний домланинг “Эсдаликлар”и кўпроқ ёқарди. Ўзбек тилида учраб қолган шеърларини ўқиганимда, жуда жўн бўлиб туюлган ва барибир домланинг насри  зўр, деган фикрда қолганман. Антологиядаги шеърларини ўқиб, Айний домла бинойидек шоир ҳам экан, деб тан бердим ичимда.

Лоҳутий, Мирзо Турсунзода, эҳ-ҳе, кимлар йўқ дейсиз бу рўйхатда. Бозор Собир, Гулрухсор, Лойиқ... уёғи то Ният Ҳаёт, Нурали Нурзод... 

Бухоро амирлигидаги таҳликали муҳит, сокин кўринган Шўролар тузуми ва ?стиқлол даври ижодкорлари шеърларидан тузилган гулдаста. Ҳар бир шеърда, ҳар бир шоирда ўзигагина хос дардни ҳис этасиз. Дарднинг моҳияти битта – у Амир замонида ҳам, коммунизмга бир баҳя қолган муҳитда ҳам, озодман деб кўкрак кериб юрган дориломон кунда ҳам – оғриқ, у истаган пайт қалбга буров солиши мумкин. Антологияни ўқисангиз, ўзингиз бунга шоҳид бўласиз. Қулоғидан тортиб олиб кирилган зўрма-зўраки шеър йўқ ҳисоби. Аллақачон нариги дунёга риҳлат этган – коммунизм остонасида туриб ижод қилган шоирлар шеърини ўқиганингизда ҳам димоғингизга бугунги кун нафаси баралла келиб турганини сезасиз, шоирни худди ёнингизда турган замондошдек ҳис этасиз. 

Бу, биринчи галда шоирнинг ва ҳеч муболағасиз, истеъдодли шоир ва таржимон Одил ?кромнинг иши, яъни меҳнати самараси.

Дарвоқе, яна бир хушхабар, шу кунларда шоир Одил ?кром Мавлоно Жалолиддин Румийнинг  муҳташам “Маснавий”си таржимасини ҳам поёнига етказди ва унинг дастлабки китоблари нашрдан чиқа бошлади.

Яна бир гап, 1996 йил – Равшан Файз фожиали тарзда оламдан ўтган кун,  пойтахт Тошкентда катта бир анжуман бўлиб ўтганди. Унда Чингиз Айтматов раислик қилиб: “?жодкор, зиёлилар халқлар ўртасида кўприк бўлиши керак, афсуски, айрим зиёлилар бунинг аксини қилмоқда”, дея ижод аҳлидан сал нолиган эди.

Одил ?кром бугун худди Чингиз оға орзу қилгандек, икки қону қардош –  ўзбек ва тожик халқлари ўртасида кўприк вазифасини ўтамоқда. Бу – қандай хайрли иш, қандай хайрли кўприк. Бу кўприкнинг умри, иншооллоҳ, узоқ ва боқий бўлгай. Муҳими, ундан ўтаётганингизда сиздан ҳеч ким шубҳаланмайди, биров бошпурт ва виза ҳам сўрамайди...

Ёпиқ эшиклар аллақачон очилди, очилган. Одил ?кром таржимасидаги “Замонавий тожик шеърияти антологияси”нинг ўзбек тилида янграши ана шу хайрли бағрикенгликнинг тотли мевасидир...

 

Алишер НАРЗУЛЛО, Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси аъзоси

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net