21 февраль – «Халқаро она тили куни»

21.02.2020 12:06

ТОШКЕНТ, 21 февраль. /«ДУНЁ» АА/. Тил ўзаро мулоқот, тушуниш ва фикрлаш воситаси сифатида ўтмиш, бугун ва келажак ўртасидаги боғлиқликни акс эттиради. Тилнинг миллат, давлат, жамият тараққиётидаги ўрни ҳам муҳим. ЮНЕСКО маълумотларига кўра, дунёда қарийб 6 мингга яқин тил мавжуд.

ЮНЕСКО жаҳон халқлари тилларини сақлаб қолиш ва уларга ҳурмат билан ёндашиш борасида қатор лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Жумладан, ташкилотнинг 1999 йилдаги Бош конференциясида 21 феврални  “Халқаро она тили куни” деб эълон қилиш ҳақида қарор қабул қилинган эди. Ушбу сана 2000 йилдан буён халқаро миқёсда кенг нишонлаб келинмоқда.

Маълумотларга кўра, инсонлар сўзлашадиган тиллар сони 8 мингтани ташкил қилган бўлса, ҳозирги кунда уларнинг  6 мингтаси сақланиб қолган. Шундан 90 фоизи кенг миқёсда фойдаланилмайди. Бундай тиллар замонавий дунёдан айро яшаётган кам сонли миллатлар тилларидир.

Шунингдек, жаҳонда халқаро мулоқот воситаси деб эътироф этилган тиллар ҳам мавжуд. Улар турли давлатлар халқлари ўртасида алоқа воситаси бўлиб хизмат қилади.

Юртимиз кўп миллатли давлат. Мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари истиқомат қилади. Юртимиз аҳолисининг аксарияти (80 фоиздан ортиғи) ўзбек тилида сўзлашади. Шунингдек, тожик, қозоқ, қорақалпоқ, қирғиз, туркман, рус ва бошқа тилларда сўзлашувчи ватандошлар ҳам бор. Бугунги кунда уларнинг ўзаро тинч-тотув яшаши, она тилини сақлаб қолиши ва ривожлантириши учун барча имкониятлар яратилган.

Ўзбекистон Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар орасида таълимнинг 7 тилда олиб борилиши бўйича ягона мамлакат ҳисобланади.

Қайд этиш керак она тилимиз – ўзбек тили туркий тиллар оиласига мансуб энг йирик тиллардан биридир. Дунё бўйича 50 миллионга яқин аҳоли ўзбек тилда сўзлашади.

Мустабид тузум даврида миллат руҳи, ғурури бўлмиш ўзбек тилини йўқотишга уринишлар бўлди. Шунга қарамасдан халқимиз ўз она тилини сақлаб қолди. 1989 йил 21 октябрь куни қабул қилинган «Давлат тили тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, ўзбек тили давлат тили деб эълон қилинди.

Ушбу қонун билан ўзбек тили давлат тили мақомини олган бўлса-да, мамлакатимизда яшовчи миллат ва элатларнинг ўз она тилида сўзлашиш ҳуқуқи конституция билан мустаҳкамланган. Фуқаролар миллатлараро муомала тилини ўз хоҳишларига кўра танлаш ҳуқуқига эга эканликлари белгиланган. Бу юртимизда миллатлараро ҳамжиҳатлик, дўстлик ва биродарлик руҳи устуворлигини англатади.

Ушбу тарихий санадан ўттиз йил ўтиб бу борада яна бир қутлуғ қадам қўйилди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2019 йил 21 октябрь куни «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонга имзо чекди. Унга биноан 21 октябрь санаси юртимизда «Ўзбек тили байрами куни» деб эълон қилинди. Ушбу эзгу ғояни она тилимиз фидойилари, бутун халқимиз катта хурсандчилик билан қарши олди.

Бундан ташқари ҳар бир вазирлик ва ташкилотларда давлат тили масалалари бўйича алоҳида маслаҳатчи лавозими жорий этилди. Улар маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонунга риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича жавобгар ҳисобланади.

Жобир ХЎЖАҚУЛОВ,

“Дунё” АА

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net