Ҳудудларда тадбиркорлик лойиҳаларини молиялаштириш учун Ўзбекистон тижорат банкларига 300 миллион доллар ажратилади

20.04.2022 11:37

ТОШКЕНТ, 20 апрель. /«Дунё» АА/. Кеча Ўзбекистон Президентининг «Ҳудудларда тадбиркорлик лойиҳаларини молиялаштириш механизмларини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори эълон қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Ушбу ҳужжатга мувофиқ, ҳудудларда амалга оширилаётган тадбиркорлик лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик ташаббусларининг ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш орқали кичик ва ўрта тадбиркорликни янада ривожлантириш мақсадида кичик тадбиркорлик субъектлари фаолиятини молиялаштириш учун тижорат банкларига Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг маблағлари ҳисобидан 300 миллион АҚШ доллари эквивалентида кредит линияси ажратилади.

Ҳужжатда кредит линияси тижорат банкларига 7 йил муддатга, шу жумладан, 3 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 10 фоиз ставкада миллий валютада ажратилиши ҳамда тижорат банклари томонидан кредитлар ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш (бундан қурилиш, савдо, воситачилик соҳасидаги лойиҳалар, шунингдек, акцизости товарлар ишлаб чиқарувчилар, давлат корхоналари ва устав жамғармасида (устав капиталида) давлат улуши мавжуд бўлган юридик шахслар ҳамда айланма маблағларни тўлдириш ҳолатлари мустасно) учун йиллик 14 фоиз ставкада, 5 йилгача муддатга, шу жумладан, 2 йилгача бўлган имтиёзли давр билан 5 миллиард сўмгача миқдорда ажратилиши белгиланган.

Ҳужжатга биноан, тадбиркорлик субъектларининг фаолият даври 6 ойгача бўлганда 1 миллиард сўмгача, 6 ойдан 1 йилгача бўлганда 2 миллиард сўмгача, 1 йилдан 2 йилгача бўлганда 3 миллиард сўмгача, 2 йилдан 3 йилгача бўлганда 4 миллиард сўмгача ва 3 йилдан ошганда 5 миллиард сўмгача кредитлар ажратилиши кўзда тутилган.

Шу билан бирга, кредит линияси маблағларининг камида 70 фоизи Нукус шаҳридан, вилоятларнинг маъмурий марказларидан ва вилоят бўйсунувида бўлган шаҳарлардан ташқари ҳудудларда фаолият кўрсатаётган тадбиркорларга ажратилади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net