Янги Ўзбекистоннинг янги қиёфасини бирга қурамиз – темирйўлчилар касб байрамини муносиб нишонламоқда

01.08.2020 09:45

ТОШКЕНТ, 1 август. /«Дунё» АА/. 2017 йил 2 август куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорти ходимлари кунини нишонлаш тўғрисида”ги фармонга имзо чеккан эди.

Шундан сўнг ҳар йили август ойининг биринчи якшанбаси “Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорти ходимлари куни”, деб эълон қилинди. Мана орадан 3 йил ўтибдики, соҳа ходимлари ушбу кунни касб байрами сифатида келмоқда, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

 Бугун соҳада узоқ йиллар давомида самарали меҳнат қилган 36 нафар етакчи мутахассис “Фахрий темирйўлчи” белгиси, катта гуруҳ ходимлар эса фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.  

2020 йил Ўзбекистон темирйўлчилари учун бунёдкорлик ишларига бой йил сифатида тарихга кирмоқда. Хусусан, соҳа ходимлари Тошкент метрополитенининг ер усти “Дўстлик-2 – Қўйлиқ” йўналишида 11 километрлик янги йўл ва 7 та бекат барпо этиб, қурилиш ишларининг 1-босқичини якунига етказди. Ер ости метроси Юнусобод йўналишининг 2-босқичида  умумий узунлиги 2,9 километр ҳамда “Юнусобод” ва “Туркистон” бекатларида ҳам қурилиш ишлари тугатилди. Айни пайтда эса қарийб 7 километрлик ер усти Сергели йўналишида “Чош-тепа”, “Тошкент ҳалқа йўли”, “Сергели”, “Афросиёб”, “Қипчоқ”  бекатлари қурилиб, рельсларни ўрнатиш ишлари давом эттирилмоқда.

Пойтахтимиз Тошкентда яна бир мегалойиҳа – илк бор уч поғонали транспорт ечими Жамиятнинг “Кўприкқурилиш трести” унитар корхонаси жамоаси томонидан қуриб битказилди ва фойдаланишга топширилди. Айни пайтда эса кўприксозлар томонидан Сергели тумани Қипчоқ кўчасидаги Тошкент – Ангрен темир йўли устидан яна бир йўл ўтказгич қурилишини ниҳоясига етказилмоқда.

Наманган шаҳрида бунёд этилган янги темир йўл вокзали ҳам шаҳар аҳолисига катта совға бўлди. Ушбу замонавий вокзал қадим шаҳарнинг бош дарвозасига айланади, десак муболаға бўлмайди. Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманида темирйўлчилар томонидан барпо этилаётган янги аэропорт қурилиши ҳам ниҳоясига етай деб қолди.

2020 йил коронавирус пандемияси туфайли нафақат мамлакатимиз, балки бутун дунё учун синовли бўлмоқда. Халқимиз саломатлигини сақлаш мақсадида карантин чоралари жорий этилди. Бу эса темир йўл тизимига ҳам ўз таъсирини кўрсатмай қолмади. Кўплаб тармоқ корхоналари ишчи-ходимлари масофадан ишлашга ўтди. Гарчи темир йўл транспорти орқали йўловчи ташиш вақтинча тўхтатилган бўлсада, маҳаллий ва халқаро йўналишларда юк ташиш ҳажми ортиб, қўшимма имтиёзлар берилди.

Эътироф этиш лозимки, ушбу касалликка қарши курашда темирйўлчилар ҳам том маънода матонат кўрсатишмоқда. “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти томонидан COVID-19га қарши курашиш учун “Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фондига бир миллиард сўм маблағ ўтказилди. Тошкент вилоятининг Зангиота туманида ҳам темирйўлчилар томонидан бунёд этилган шифохона қурилиши якунланиб, фойдаланишга топширилди. Айни пайтда ушбу шифохонада коронавирус пандемиясига чалинган беморларни даволаш жараёни амалга оширилмоқда. Хорижда бўлиб турган юртдошларимиз йўловчи поездларда мамлакатимиз қайтарилмоқда, 14 кунлик карантин муддатини ўтаб бўлган фуқаролар эса вилоятларга етказиб қўйилмоқда.

Қўшни давлатлар билан карантин туфайли чегаралар ёпилган бўлсада, таранспорт коммуникацияларида, транзит юк маҳсулотларини ўтказишда ижобий натижаларга эришилмоқда. Жорий йил 25 май куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев транспорт соҳасининг барқарор ишлашини таъминлаш ва изчил ривожлантириш масалалари бўйича ўтказган йиғилишида таъкидлаганидек, темир йўл транспортида амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар соҳа ходимлари масъулиятини янада оширди.

     Бугунги кунда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти юк ва йўловчи поездларига Россия ҳамда Хитойда ишлаб чиқарилган замонавий электровозлардан фойдаланилмоқда. Хусусан, Осиё тараққиёт банки маблағларини жалб қилиш дастурига биноан, 2020-2022 йилларда “24 та локомотив сотиб олиш йўли билан локомотив паркини янгилаш” лойиҳаси амалга оширилмоқда ва ўтказилган халқаро тендер натижаларига кўра СNTIC-CRR-DRLOCO (Хитой) консорциуми билан мазкур электровозларни сотиб олиш бўйича шартнома имзоланган. Шунингдек, Россия Федерациясининг ”Новочеркаск” локомотив қуриш заводидан 5 та юк электровозларни харид қилиш режалаштирилган бўлиб, яқинда ушбу замонавий электровозларнинг 2 таси  юртимизга келтирилди.

“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ қўшни давлатлар билан темир йўл орқали юк ташиш, транзит поездларини ўтказиш борасида кўп томонлама ҳамкорлик алоқаларини йил сайин ривожлантиришга катта аҳамият қаратмоқда. Бунинг натижасида эса халқаро юк ташиш йўналишлари (коридор) бўйича самарали ишлар ташкил қилинмоқда. Бугунги кунда 13 та йўналиш (коридор) бўйича юк ташувлар доимий равишда амалга оширилмоқда. Хорижий мамлакатларнинг 19 та портларига юкларни етказиб бериш ишлари йўлга қўйилган.

Юк ва йўловчи ташиш соҳасининг энг муҳим бўғини бўлган темир йўл транспорти тизимида амалга оширилаётган янгиланишлар, халқаро ҳамкорликнинг тобора ривожланиб бориши, локомотив ва вагон паркининг янгиланиши учун ташланаётган изчил қадамлар, жалб қилинаётган инвестиция маблағлари келгусида ушбу соҳани нафақат мамлакатимизда, балки минтақамизда энг муҳим стратегик аҳамиятга эга транспорт тизими сифатида етакчилик қилишига замин яратиши шубҳасиз.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net