Хоразм вилояти ва Малайзия соғлиқни сақлаш муассасалари ҳамкорликни кенгайтирмоқда

04.12.2020 09:59

КУАЛА-ЛУМПУР, 4 декабрь. /"Дунё" АА /. Ўзбекистоннинг Куала-Лумпурдаги элчихонаси томонидан мамлакатимиз тадбиркорлари билан олиб борилаётган манзилли ишлар доирасида Урганч шаҳридаги "Sevinch Medical Centre" хусусий корхонаси ва Малайзиянинг "KPJ Healthcare Berhad" компанияси вакиллари ўртасида видеоконференция ташкил этилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбирдан кўзланган мақсад малайзиялик мутахассислар билан қўшма тиббий хизматлар кўрсатиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларини муҳокама қилиш бўлди.

“KPJ Healthcare Berhad” Малайзиядаги йирик ва етакчи хусусий соғлиқни сақлаш компанияларидан биридир. Компания 1981 йил Жоҳор штатида биринчи хусусий ихтисослашган клиникалардан бири сифатида иш бошлаган. Бугун "KPJ" мамлакатда 26 ихтисослаштирилган касалхонага эга, ?ндонезия, Бангладеш ва Таиландда клиникалари мавжуд. Компанияда 1 минг 200 дан ортиқ мутахассис фаолият юритади ва йилига 2,8 миллиондан зиёд беморга хизмат кўрсатилади.

Учрашувда малайзиялик мутахассисларга "Sevinch Medical Centre" томонидан беморларга кўрсатилаётган хизмат турлари, шунингдек, уларни даволаш учун яратилган шароит ва инфратузилма ҳақида маълумот берилди. Хусусан, марказ умумий, болалар, юрак-қон томир, пластик, эндокринологик ва нейрохирургия каби йўналишларга ихтисослашгани таъкидланди.

Шу муносабат билан тиббиёт маркази вакиллари Малайзия муассасалари билан қон-томир ва эндокринологик касалликларни даволаш ва олдини олиш, флебология, пластик жарроҳлик, шунингдек реабилитация марказларини бошқариш бўйича тажриба алмашиш мақсадида шериклик алоқаларини ўрнатишга қизиқиш билдирди.

Ўз навбатида, Малайзия томони Хоразм вилояти мутахассислари учун амалиёт ва малака ошириш курсларини ташкил этиш бўйича ҳамкорлик ўрнатишга тайёрлигини қайд этди.

Телекўприк натижасида мамлакатимиз тиббиёт мутахассислари учун вебинарлар, қон-томир ва эндокринологик касалликлар, флебология, пластик жарроҳлик бўйича қисқа муддатли малака ошириш курсларини ташкил этиш, телетиббиёт имкониятларидан фойдаланган ҳолда қўшма тиббий маслаҳатлашувлар ўтказиш, малайзиялик шифокорларни онлайн-операцияларга жалб қилиш бўйича келишувга эришилди.

Шуни таъкидлаш керакки, “KPJ Healthcare Berhad” компаниясининг университет тиббиёт коллежида 30 йўналиш ва мутахассислик бўйича бакалавр, магистр ва докторантура даражаларида таълим берилади. Ҳамширалик иши, фармацевтика, менежмент, психология, радиология, физиотерапия, рентгенология, умумий жарроҳлик, ортопедия ва травматология шулар жумласидандир.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net