Хитой компанияси ўзбек майизини харид қилиш истагини билдирди

03.02.2021 13:46

ПЕК?Н, 3 февраль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонасида ушбу мамлакатнинг «Beizhong Yilin Tech Co.,Ltd» компанияси вакили Чэн Сяньбан билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири  Шуҳрат Умиров.

Тадбирда Ўзбекистон заминида етиштириладиган майиз маҳсулотини Хитой бозорига импорт қилиш ва мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган  маҳаллий тадбиркорлар билан ўзаро манфаатли алоқаларни йўлга қўйишга оид масалалар муҳокама қилинди.

Маълумки, Ўзбекистон майизи экспорти Хитойнинг бу маҳсулот умумий импорти ҳажмида 40 фоизни ташкил этади. Хитойлик тадбиркорларнинг эътироф этишларича, ўзбек майизи ўзининг таъми ва бошқа табиий хусусиятлари билан Марказий Осиёдаги қўшни мамлакатларда етиштириладиган бу турдаги маҳсулотдан ажралиб туради.  

«Beizhong Yilin Tech Co.,Ltd» компанияси вакили Хитой бозорларида ўзбек майизига талаб катта эканини, бунинг сабаби эса  маҳсулотнинг сифат кўрсаткичлари маҳаллий харидорларга ҳар томонлама мақбул келаётгани билан изоҳланишини маълум қилди.

Мулоқот чоғида Ўзбекистоннинг турли вилоятларида фаолият кўрсатаётган ва хитойлик шериклар билан ҳамкорлик қилиш имкониятига эга бўлган тадбиркорларнинг тижорий таклифлари, шунингдек, улар етиштирган маҳулотлардан намуналар ҳам тақдим этилди.   

Чэн Сяньбан қайта ишловчи компания вакиллари билан маҳсулот намуналари ва маълумотларни муҳокама қилишини  билдирди.  У шунингдек, ўз компанияси жорий йилда 1000 тоннага қадар майиз импорт қилишни режалаштирганини, маҳсулотнинг биринчи туркуми Хитойга етказиб берилиши юзасидан тез орада ўзбекистонлик шериклар билан шартнома имзолашга тайёр эканлигини айтди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net