Вебинар иштирокчилари: Ҳиндистон билан Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ҳаво йўлаги савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиради

22.08.2020 11:07

ДЕҲЛ?, 22 август. /“Дунё” АА/. Ҳиндистон Савдо-саноат палаталари федерацияси (FICCI) томонидан “Ҳиндистон билан Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида ҳаво йўлагини ташкил этиш истиқболлари” (The Way Forward for Developing India-Central Asia Air Corridor) мавзусида вебинар ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирда Ҳиндистон Ташқи ишлар ва Фуқаро авиацияси вазирликлари, Деҳли халқаро аэропорти, Ҳиндистон экспедиторлари федерациясининг ҳаво ташувлари бўйича мутасадди вакиллари, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркманистон авиакомпанияларининг Деҳлидаги ваколатхоналари ходимлари, Ўзбекистон ҳамда Ҳиндистон дипломатлари иштирок этди.

Вебинарда ҳиндистонлик иштирокчилар айни вақтда Ҳиндистон билан Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида ўзаро савдо ҳажми сиёсий муносабатларга номутаносиб экани, ушбу соҳада алоҳида эътибор қаратиш зарур бўлган кўплаб жиҳатлар мавжудлиги, минтақа давлатлари, айниқса Ўзбекистонда етиштирилаётган ва ишлаб чиқарилаётган табиий маҳсулотларни Ҳиндистон бозорига олиб келиш ҳамда ҳинд маҳсулотларини Марказий Осиёга етказиб бериш учун етарлича имкониятлар мавжудлиги қайд этилди. Бу борадаги ишларни тизимли равишда йўлга қўйиш мақсадида Ҳиндистон билан Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида “ҳаво йўлагини” ташкил этишнинг муҳимлиги айтиб ўтилди.

Бундай йўлакнинг очилиши натижасида Ҳиндистондан минтақа мамлакатларига етказилаётган маҳсулотларни вақт ва маблағ тежаган ҳолда дунёнинг бошқа давлатларига, хусусан, Европага олиб бориш ва, ўз навбатида, Марказий Осиё товарларини Ҳиндистон орқали Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари бозорига кириши учун қулай имкониятлар юзага келиши ҳақида таъкидланди.

Ўзбекистон – Ҳиндистон иқтисодий алоқаларнинг истиқболларига алоҳида тўхталган ҳолда, икки мамлакат ўртасида савдо-сотиқ тобора кенгайиб бораётгани, мамлакатимизнинг турли соҳаларда экспорт имкониятлари ортаётгани, шунингдек, Ўзбекистондан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, қуритилган мева, асал, лимон, қовун ҳамда Ҳиндистондан банан, манго ва бошқа турдаги маҳсулотларни ўзаро етказиб бериш имкониятлари мавжудлиги борасида ҳам фикр алмашилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net