Варшавада давлат активларини бошқариш соҳасидаги Ўзбекистон-Польша ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди

11.07.2021 11:52

ВАРШАВА, 11 июль. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Баҳром Бобоев Польша давлат активлари вазирлиги давлат котиби Артур Собон билан учрашди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Ўзбекистон-Польша иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 7-йиғилишида эришилган келишувлар ижроси доирасида ўтказилган тадбирда Ўзбекистон давлат активларини бошқариш агентлиги ва мазкур вазирлик ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.

Суҳбатдошга Ўзбекистонда давлат компанияларини хусусийлаштиришни тезлаштириш, давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини камайтириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар тўғрисида маълумот берилди. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Польшанинг хорижий инвестицияларни жалб қилиш, давлат активларини бошқариш бўйича тажрибасини ўрганиш ва бу борада ҳамкорлик қилишдан манфаатдорлиги таъкидланди.

Артур Собон ҳам Польшанинг Ўзбекистон билан давлат активларини бошқариш борасидаги ҳамкорликни кучайтиришдан манфаатдорлигини билдирди.

У Польша давлат активларини бошқариш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш, давлат иштирокидаги корхоналарда назорат тамойиллари, тизими ва усуллари, замонавий корпоратив бошқарув усулларини жорий этиш, давлат иштирокидаги ночор корхоналарни иқтисодий жиҳатдан молиявий соғломлаштириш бўйича ўз тажрибаси билан ўртоқлашишга тайёрлиги қайд этилди.

Учрашув якунида сентябрь-октябрь ойларида Ўзбекистон давлат активларини бошқариш агентлиги делегациясининг Польшага ташрифини ташкил этиш тўғрисида келишувга эришилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net