“Ўзэлтехсаноат” уюшмаси корхоналарида 2019 йилги экспорт ҳажми 2,2 бараварга ортган

09.02.2020 15:18

ТОШКЕНТ, 9 февраль. /“Дунё” АА/. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 13 февралдаги “2017-2021 йилларда электротехника саноатини бошқаришни янада такомиллаштириш, жадал ривожлантириш ва диверсификация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра мамлакатимизда 2021 йилгача электротехника саноатида умумий қиймати 731,2 миллиард сўмлик 43 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган. Ушбу лойиҳаларни ҳаётга тадбиқ этиш учун «Ўзэлтехсаноат» уюшмаси тизимида салмоқли ишлар қилинмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Бугунги кунда уюшма тизимида 80 га яқин корхона фаолият юритмоқда. Улар томонидан 2 минг хил турдаги кабель-сим, 50 дан зиёд электротехника жиҳозлари, 30 дан ортиқ маиший техника маҳсулотлари тайёрлаш йўлга қўйилган.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 30 майдаги  “Электротехника саноатини янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва тармоқнинг инвестициявий ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ўтган йили “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси корхоналари томонидан қарийб 8 триллион сўмлик электротехника ва электромаиший маҳсулотлар ишлаб чиқарилди. Бу 2018 йилга нисбатан 1,4 бараварга ёки 2,4 триллион сўмга кўпдир.

Ҳужжатда, шунингдек, уюшма зиммасига соҳага хорижий инвестицияларни жалб қилиш, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, ишлаб чиқаришда замонавий технологияларни кенг жорий этиш вазифаси юкланган. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 октябрдаги “2019 – 2022 йилларда электротехника саноатини жадал ривожлантириш дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ҳам шу мақсадларга йўналтирилган.

“Ўзэлтехсаноат” уюшмаси бу мақсадларга эришиш борасида тизимли ишларни амалга оширмоқда. Хусусан, тузилма доирасидаги корхоналарнинг ўтган йилги экспорти 2018 йилга нисбатан 2,2 бараварга ортиб, жами 250,9 миллион долларни ташкил этгани фикримизга мисолдир.

Дунёда аҳоли турмуш даражаси кўплаб омиллар қатори уларнинг замонавий технология, маиший техника ва автомобиль билан таъминланганлик даражаси билан ҳам ўлчанади. Шу маънода юртдошларимизнинг замонавий маиший техника билан таъминланганлик даражаси ортиб бораётгани қувонарли ҳолдир. Ушбу маҳсулотларнинг аксарияти ўзимизда ишлаб чиқарилаётгани эса тизимдаги ривожланишдан дарак.

Бугунги кунда “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси тизимида ишлаб чиқарилаётган электротехника маҳсулотлари МДҲга аъзо давлатлар, шунингдек, Бирлашган Араб Амирликлари, Литва, Нидерландияга экспорт қилинмоқда. АҚШ, Канада, Грузия, Миср мамлакатлари бозорларига чиқиш учун ҳамкорлик ўрнатилди.

Соҳада рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни таъминлашда хорижий сармоялар иштирокидаги лойиҳаларнинг амалга оширилаётгани қўл келмоқда. Статистик маълумотларга кўра, 2019 йил қиймати 69,9 миллион долларлик инвестициявий лойиҳалар ҳаётга тадбиқ этила бошланган. Шундан 25,2 миллион доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестиция шаклида ўзлаштирилган. Хусусан, Тошкент шаҳрида 7 та, Андижон, Фарғона ва Тошкент вилоятларида 3 тадан, Навоий, Наманган, Бухоро, Қашқадарё вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида биттадан лойиҳа ишга туширилди. Бу эса 1 минг 300 дан зиёд янги иш ўрни яратиш имконини берди.

Давлатимиз раҳбарининг ўтган йили Японияга олий даражадаги ташрифи доирасида “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси кунчиқар мамлакатнинг етакчи компаниялари билан ҳамкорлик ўрнатишга эришди. Хусусан, “Sakur Global Holding” компанияси билан ҳамкорликда янги туғилган чақалоқлар учун стерилизатор ва инкубаторлар ишлаб чиқариш корхонасини қуриш режалаштирилган. Корхона 2020 йил якунига қадар тўлиқ қувватда ишлашни бошлайди. 

Мамлакатимизда саноатнинг ушбу йўналиши нисбатан ёшдир. Дунёда етакчи ҳисобланган «Samsung», «Haier», «Shivaki», «Viessmann», «Listem», «Nextrom», «Motorola», «Mailfer» каби таниқли брендларнинг мамлакатимизга кириб келиши ушбу соҳа ривожига туртки берди.

Бугунги кунда “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси тизимидаги корхоналар томонидан экспорт салоҳиятини ошириш стратегияси изчил амалга оширилмоқда. Бунда хорижлик етакчи мутахассислар иштирокида турли анжуманлар ташкил этишга эътибор кучайтирилмоқда. Бундай тадбирлардан кўзланган мақсад – тизимда мавжуд корхоналар экспорт салоҳиятини ошириш, янги бозорларни кашф этиш, экспорт билан шуғулланувчи масъуллар малакасини оширишдан иборатдир.

Яқинда “Uzkabel” акциядорлик жамиятида Туркиянинг “Яманкоч Эгитим Данисмонлик ЛТД.СТ?” компанияси мутахассислари Яман Коч ва Мажит Бештав иштирокида экспорт фаолияти бўйича семинар ўтказилди.

?кки ҳафта давом этган семинарда туркиялик экспертлар “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси таркибига кирувчи корхоналарда бўлиб, у ерда экспорт қилиш билан боғлиқ тўсиқларни бартараф этиш бўйича тавсиялар берди.

– Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни катта қизиқиш билан кузатмоқдамиз, – дейди Яман Коч. – Ўзбекистонлик мутахассислар билан экспорт салоҳиятини ошириш стратегиясини ишлаб чиқишга бағишланган ўқув-семинарда қатнашдик. Жаҳон бозорида иқтисодий рақобат тобора кучайиб бораётган ҳозирги шароитда, барқарор ривожланишга эришиш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш муҳим саналади. Бунда ташқи бозорда мустаҳкам ўрин эгаллаш бўйича аниқ тизим яратилиши керак. Хусусан, хорижий бозорлар мониторингини кузатиб борадиган малакали таҳлилчилар ва тадқиқотчилар тайёрлаш зарур.

“Ўзэлтехсаноат” уюшмаси тизимида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар мамлакатимиз экспорт салоҳиятини янада оширишга йўналтирилган. Эзгу мақсад ва интилишлар рўёби эса маҳаллийлаштиришни янада чуқурлаштириш, ички ва ташқи бозорда рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтиришда намоён бўлади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net