Ўзбекистонда қимматбаҳо металлардан тайёрланган ўлчовли ёмбиларни сотиш ва қайтариб сотиб олиш тартиби белгиланди

01.07.2020 16:44

ТОШКЕНТ, 1 июль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган ва қимматбаҳо металлардан тайёрланган ўлчовли ёмбиларни сотиш ва қайтариб сотиб олиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори қабул қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Ушбу қарор билан мамлакатимизда ишлаб чиқарилган ва қимматбаҳо металлардан тайёрланган ўлчовли ёмбиларни сотиш ва қайтариб сотиб олиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Эътиборли жиҳати, низом талаблари юридик (шохобчалар бундан мустасно) ва жисмоний шахслар ўртасида қимматбаҳо металлардан тайёрланган ўлчовли ёмбиларни олди-сотди қилиш амалиётларига татбиқ этилмайди.

Ёмбиларни сотиш ва қайтариб сотиб олиш нархлари Марказий банк бошқаруви томонидан тасдиқланадиган маржа ва чегирмани қўллаш орқали шакллантирилади.

Чегирма миқдори бут ҳолатдаги ёмбилар учун алоҳида, қадоғи бузилган, амалдаги техник талабларга мос келмайдиган ёмбиларни қайтариб сотиш ҳолатлари учун алоҳида белгиланади.

Агар қайтариб сотиб олишда қадоқнинг бузилиши ёки техник талабларга мос келмаслик ҳолатлари кузатилса, ёмбилар Давлат асиллик даражасини белгилаш палатасига техник экспертизадан ўтказиш учун жўнатилади. Экспертиза учун тўлов Марказий банк томонидан қопланади. Техник экспертизадан ўтказиш муддати етти иш кунидан ошмаслиги белгиланди.

Агар экспертиза натижасида қалбакилаштириш аломатлари аниқланса, ёмбилар Давлат асиллик даражасини белгилаш палатаси томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топширилади. Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net