Ўзбекистонда пахта етиштириш Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан молиялаштирилади

11.11.2021 14:41

ТОШКЕНТ, 11 ноября. /”Дунё” АА/. Кейинги йилдан бошлаб пахта хомашёсини етиштириш ва пахта йиғим-терими харажатлари Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан амалга оширилади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг 10 ноябрдаги «Пахта хомашёсини етиштириш ва унинг йиғим-терим харажатларини молиялаштириш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида айтиб ўтилди.

Ҳужжатга асосан, пахта-тўқимачилик кластерлари ва Уруғчиликни ривожлантириш маркази таркибидаги элита уруғчилик хўжаликларига Жамғарма ресурслари ҳисобидан имтиёзли кредитлар ажратилади.

Хусусан, уруғчилик хўжаликларига ва кластерларга пахта хомашёси етиштириш учунғ пахта хомашёси қийматининг 60 фоизгача миқдорда йиллик 10 фоиздан 14 ва 24 ойларга ажратилади.  Кластерлар ва уруғчилик хўжаликларига пахта йиғим-теримини молиялаштириш учун - пахта хомашёси қийматининг 20 фоизигача миқдорда йиллик 10 фоиз ставкада 12 ойга берилади.

Шунингдек, кластерларга пахта хомашёси хариди бўйича якуний ҳисоб-китоб учун 12 ойгача муддатда миллий валютада ажратиладиган тижорат кредитлари бўйича фоиз ставкасининг Марказий банк асосий ставкасидан ошадиган қисмини қоплаш учун Жамғарма ҳисобидан компенсация тўланади. Якуний ҳисоб-китоб учун ажратиладиган тижорат кредитлари бўйича компенсация харажатлари республика бюджетидан молиялаштирилади.

Шуни айтиш жоизки, ҳужжатда, кластерлар томонидан фермер хўжаликларига пахта хомашёси етиштириш учун олдиндан тўлов пул шаклида берилиши кўзда тутилмоқда.

Пахта хомашёсини етиштириш мақсадида кластерларга ажратилган имтиёзли кредитлар пахта хомашёси етиштириш билан боғлиқ агротехник тадбирларни молиялаштириш учун фермер хўжаликларига йўналтирилади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net