Ўзбекистонда озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлигини таъминлашнинг долзарб масалалари муҳокама этилди

01.12.2020 17:15

ТОШКЕНТ, 1 декабрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республика Олий Мажлиси Сенати ҳамда Конрад Аденауэр номидаги жамғарма ҳамкорлигида кеча «Мамлакатда озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлигини таъминлашнинг долзарб масалалари» мавзусида халқаро онлайн-конференция бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири

Олий Мажлис Сенати Ахборот хизмати манбасига кўра,  халқаро онлайн конференцияда Сенат аъзолари, халқаро ташкилотлар вакиллари, тегишли вазирлик ва идоралар мутасаддилари иштирок этди.

Конференцияда мамлакатимизда озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш борасида сўнгги йилларда ижобий натижаларга эришилгани таъкидланди. Биргина томорқалардан унумли фойдаланиш, алмашлаб экиш, ердан 2-3 марталаб ҳосил олишнинг йўлга қўйилиши натижасида маҳсулотлар аҳолининг ҳам эҳтиёжларидан ортиб маҳаллий ва дунё бозорларигача чиқарилаётир. Хусусан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспорти 2017 йилга нисбатан ўтган йили 2 бараварга кўпайди. Йилига 10 миллион тоннадан ортиқ сабзавот, 17 миллион тоннадан ортиқ бошқа деҳқончилик маҳсулотлари ва 2,5 миллион тонна гўшт етиштиришга эришилди.

Мулоқотда аҳолининг хавфсиз овқатланиш тизимини такомиллаштириш, озиқ-овқат маҳсулотларини хавфсизлигини таъминлаш бўйича Ўзбекистон Президентининг «Коронавирус пандемиясини юмшатиш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва саломатлигини сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони,  ва «Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилингани айтиб ўтилди.

Бироқ қабул қилинган ҳужжатларга қарамасдан аҳолини хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш тизимида қатор муаммолар мавжудлиги конференция иштирокчилари томонидан қайд этилди.

Конференцияда хорижий мутахассисларнинг озиқ-овқат ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолиятини тизимлаштириш, соҳа ҳуқуқий асосини такомиллаштириш бўйича тавсиялари, қолаверса, озиқ-овқат маҳсулотларнинг сифати ва хавфсизлиги кўрсаткичларини таҳлил қилиб бориш борасидаги фикрлари эшитилди.

Шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича тавсиялар қабул қилинди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net