Ўзбекистонда фотоэлектр станциясини қуриш лойиҳасини амалга ошириш масалалари Парижда муҳокама қилинди

29.04.2020 14:19

ПАР?Ж, 29 апрель. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил октябрь ойида Францияга расмий ташрифи чоғида «Total Eren» компанияси билан мамлакатимизда фотоэлектр станцияларини қуриш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланган эди. Ушбу ҳужжат икки томонлама муносабатларда янги саҳифа очди.

Мамлакатимизнинг Франциядаги элчихонаси Самарқанд вилоятида лойиҳани амалга ошириш масалаларини муҳокама қилиш учун «Total Eren» компаниясининг катта вице-президенти Фабьен Демол билан видеоконференция алоқа шаклида мулоқот қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Музокаралар чоғида Франциялик ҳамкорлар давлат-хусусий шериклик тамойили асосида Марказий Осиёда муқобил энергия соҳасида биринчи йирик лойиҳани амалга оширишга алоҳида аҳамият беришини таъкидлади. «Total Eren» компанияси Ўзбекистонда умумий қуввати 100 МВт бўлган энергия объекти қурилишига 150 миллион евро миқдорида сармоя киритишга тайёрлиги тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси ?нвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти лойиҳа шериклари ҳисобланади. Франция компанияси Самарқанд вилоятининг энергия салоҳияти ҳақида маълумотга эга бўлиш учун метеорологик асбобларни ўрнатган. Лойиҳани 2021 йил охирида якунлаш ва ишга тушириш режалаштирилган.

Ф.Демолнинг таъкидлашича, «Total Eren» компанияси Ўзбекистонда коронавирус тарқалишига қарши курашишни қўллаб-қувватлаш учун 25 минг доллар миқдорида хайрия маблағларини ажратган, уларнинг бир қисми «Меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат фондига, қолгани эса Самарқанд вилояти ҳисобига ўтказилган.

Эслатиб ўтамиз, Франциянинг «Total Eren» компанияси қайта тикланадиган энергия манбалари соҳасида дунёда етакчилардан бири ҳисобланади. Компания амалга оширган инвестиция лойиҳалари портфелида қайта тикланадиган энергия манбаларидан электр энергияси ишлаб чиқариш учун ўрнатилган қувватлар 2400 МВт дан ортиқни ташкил қилади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net