Ўзбекистонда бизнес юритиш истагидаги покистонлик салоҳиятли сармоядорва импортёрларни қандай саволлар ўйлантирмоқда?

21.07.2020 14:05

?СЛОМОБОД, 21 июль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Покистондаги элчихонаси Панжоб вилояти Савдо-саноат палатаси ва ушбу мамлакатнинг «Sada-e-Rus» ахборот агентлиги (Москва шаҳрида жойлашган) билан ҳамкорликда Панжоб вилояти ишбилармонлари, шунингдек, Бирлашган Араб Амирликлари, Россия ва Буюк Британиядаги Покистон бизнес диаспораси вакиллари иштирокида онлайн учрашув ташкил қилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Мулоқотнинг ташкил қилиниши Покистонда сўнгги пайтларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, айниқса, ҳукумат томонидан хорижий инвесторларга тақдим этилаётган имтиёз ва преференцияларга қизиқишнинг ортиб бориши билан изоҳланади.

Учрашув «Facebook» ва «YouTube» платформалари орқали тўғридан-тўғри намойиш этилди. Мазкур учрашувни жонли тарзда дунёнинг турли мамлакатларидан 400 га яқин покистонлик ишбилармон кузатиб борди.

Тадбир давомида ишбилармонлар томонидан ижтимоий тармоқлар орқали ҳам ёзма мурожаат ва саволлар йўлланди. Ўзбекистоннинг иқтисодий имкониятлари, макроиқтисодий кўрсаткич, инвестиция ва савдо салоҳияти слайдлар орқали намойиш этилди.

Элчихона вакиллари Ўзбекистон – Покистон бизнес шериклигини янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари, хусусан, Ўзбекистон мева-сабзавот, тўқимачилик маҳсулотлари, шу жумладан ипак импорти, экспорт хизматларини ривожлантириш, учинчи мамлакатларга қўшма савдо лойиҳалари, транспорт ва логистика, шунингдек, Ўзбекистонда пайпоқ ва чарм маҳсулотлари саноатини ривожлантириш бўйича лойиҳалар ҳақида батафсил сўзлаб берди.

Ўзбекистонда сармоявий муҳити ва экспорт салоҳиятига оид янгиликлар Покистон ишбилармон доираларининг мамлакатимизга сармоя киритиш, кенг турдаги Ўзбекистон маҳсулотларини импорт қилиш, шунингдек, икки мамлакатда савдо уйлари очишга қизиқиш билдиришларига сабаб бўлди.

Онлайн суҳбатда кенг қамровли масалалар, жумладан мамлакатимизда хорижий инвестициялар учун яратилган шароит, қўшма ва хорижий корхоналарни рўйхатдан ўтказиш тартиб-қоидалари, чет эллик сармоядорлар учун бериладиган имтиёз ва преференциялар, Ўзбекистондан Покистонга экспорт қилиш тартиблари, логистика, банк соҳасида ҳамкорлик истиқболлари, таълим масалалари, фан, АКТ технологиялари, покистонлик мутахассисларни Ўзбекистон тўқимачилик корхоналарига жалб этиш, Б-2 тоифадаги ишбилармонлик визаларини олиш имкониятлари, покистонлик тадбиркорларнинг мамлакатимиз минтақаларига ташрифлари ва учрашувларини ташкил этишда элчихонанинг ёрдами каби масалалар муҳокама этилди.

«Sada-e-Rus» ахборот агентлиги бош муҳаррири Аҳмад Ҳамадани веб учрашув якунида Покистон ишбилармон доиралари Ўзбекистонга сармоя киритиш ва икки томонлама савдони ривожлантиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.

«Бу Ўзбекистон тўғри йўналишда кетаётганини яна бир бор тасдиқлайди ва мамлакатингизда олиб борилаётган кенг кўламли ҳамда узоқни кўзлаб амалга оширилган ислоҳотлар натижалари кўплаб хорижий сармоядорлар, савдогарларнинг эътиборини жалб қилмоқда» деди у.

Тадбир якунида манфаатдор томонлар билан Ўзбекистонда бизнес юритиш режасини ишлаб чиқиш бўйича музокаралар олиб бориш тўғрисида келишувга эришилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net