Ўзбекистонда 200 дан ортиқ ёғ-мой корхонаси томонидан истеъмол мойи ишлаб чиқарилади

23.12.2020 14:51

ТОШКЕНТ, 23 декабрь. /«Дунё» АА/. Бугун Ўзбекистон Миллий матбуот марказида «Ўзёғмойсаноат» уюшмаси томонидан ёғ-мой маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, аҳолининг ушбу маҳсулотларга бўлган талабини қондириш — долзарб масала» мавзусида матбуот анжумани ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Замира Азизхонова.

 Анжуманда мамлакатмизда ёғ-мой корхоналарини ҳар томонлама ривожлантириш, янги замонавий технологиялар билан жиҳозлаш соҳада  амалга ошрилаётган ишлар хусусида маълуот тақдим этилди.

Бугун юртимизда 200 дан ортиқ йирик ва кичик ёғ-мой корхонаси мавжуд. Жумладан, ўсимлик мойи ишлаб чиқарувчи корхоналар сони 83 та, маргарин ишлаб чиқарувчи корхоналар 38 та, майонез ишлаб чиқарувчи корхоналар сони 25 та, ювиш воситалари ишлаб чиқарувчи корхоналар сони 58 та, глицерин ишлаб чиқарувчи корхоналар сони 4 тани ташкил этади. Ушбу корхоналар томонидан 60 турдаги ва 200дан ортиқ ассортиментдаги  маҳсулотлар тайёрланмоқда.

Уюшма таркибига 93 та корхона кирган. Улар, асосан, Тошкент шаҳри, Тошкент ва Самарқанд вилоятларида жойлашган.

— Мамлакатмизда  ўсимлик мойига бўлган эҳтиёж йилига 467 минг тоннани ташкил қилади, — деди уюшма раисининг ўринбосари Қамар Сернаев. — Шундан 427 минг тонна маҳсулот истеъмол, 40 минг тонна эса техник мақсадларда ишлатилади. Жорий йил республикада 268,2 минг тонна, шундан уюшма корхоналари томонидан 215 минг тонна ўсимлик мойи  ишлаб чиқарилди. Бугунги кунда ёғ-мой корхоналарининг асосий хом ашёси пахта чигити бўлиб қолмоқда. Корхоналар томонидан йилига ўртача 1,2 миллион тонна техник пахта чигити қайта ишланади. Бундан ташқари, маҳаллий шароитда мойли хом ашё етиштириш ҳамда соя ва кунгабоқар донлари импорт қилиш ҳисобига йилига ўрта ҳисобда 70 минг тонна атрофида ўсимлик мойи аҳоли истеъмоли учун етказиб берилмоқда.

Матбуот анжуманида мутасаддилар ишлаб чиқарилаётган ёғ-мой маҳсулотлари ҳажми йилдан-йилга кўпайиб боришига қарамасдан аҳоли сони ва саноат эҳтиёжлари ошиши натижасида ўсимлик мойларига бўлган талаб кескин ортганини таъкидлади. Уларга кўра, жорий йил 198,5 минг тонна тайёр ўсимлик мойи  четган импорт қилинган.

Сўнгги вақтларда дунёда ўсимлик мойи нархининг ошиш ҳолатлари Ўзбекистон бозорига ҳам ўзининг салбий таъсири кўрсатди. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида сўнгги кунларда пахта мойининг нархи арзонлаша бошлади. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси товар-хом ашё биржаси  савдоларида 1 литр пахта мойи ўрта ҳисобда 11,7 минг сўмдан сотилмоқда.

Маълумотларга кўра, каустик сода, соя оқсили, атир совун, шифобахш мойлар, тиш ювиш пастасини ишлаб чиқариш ҳамда замонавий ёғ-мой корхонасини ташкил этиш лойиҳалари амалга оширилмоқда. Бу борада уюшма томонидан мойли хом ашёлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш мақсадида кичик мой ишлаб чиқариш модуль цехлари яратилмоқда. Ҳозирга бундай цехлар томонидан кунига 5-10 тоннагача хом ашё қайта ишланмоқда.

Матбуот анжуманида уюшма мутассаддилари журналистлар томонидан берилган саволларга жавоб берди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net