Ўзбекистон ва Саудия Арабистони инвестиция ҳамкорлигини янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди

16.05.2020 17:26

Р?ЁЗ, 16 май. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Лазиз Қудратов ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги Миллий компанияларини қўллаб-қувватлаш агентлиги раҳбари Бадр ал-Бадр ўртасида видеоконференция шаклидаги музокаралар ўтказилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Учрашув аввалида Бадр ал-Бадр жорий йил март ойида Саудия Арабистони делегацияси таркибида Ўзбекистонга қилган сафари ҳақида эслаб, мазкур ташриф юқори даражада, самарали ва унумдор натижаларга эга бўлганини таъкидлади. Мулоқотлар доирасида Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо ҳамда Энергетика вазирликлари Саудия Арабистонининг йирик инвестори – «ACWA Power» компанияси билан умумий қиймати 2,2 миллиард долларга тенг учта битим имзоланган эди.

Мазкур келишув ва битимлар Ўзбекистон энергетика соҳасининг тараққиёти ҳамда барқарорлигини янада такомиллаштиришга хизмат қилиши қайд этилди.

Бадр ал-Бадрнинг сўзларига кўра, «ACWA Power» компаниясининг Ўзбекистонга тўғридан-тўғри  сармояларни киритаётгани Саудиянинг бошқа йирик компанияларида ҳам мамлакатимиз билан ҳамкорлик қилишга бўлган қизиқишини оширмоқда.

Видеомулоқот чоғида Ўзбекистонга сармоя киритишга интилаётган SABIC, Bait Al Batterjee Holding, Jamjoom Pharma, Al-Elm, Alkhorayef Industries, ALBAIK ва Herfy компаниялари тақдимоти ўтказилди

Мазкур компаниялар нефт-кимё, металл, тиббиёт, фармацевтика, IT-технологиялар, озиқ-овқат, ичимлик сувини тежаш ва таъминлаш, саноат, қишлоқ хўжалиги, ирригация ускуналарини ишлаб чиқариш соҳаларига ихтисослашган ва 40 дан зиёд мамлакат билан ҳамкорлик қилади.

?нвестициялар ва ташқи савдо вазирининг  биринчи ўринбосари Л.Қудратов Ўзбекистоннинг инвестицион салоҳияти, чет эллик инвесторларга яратилган қулай шарт-шароитлар, эркин иқтисодий зоналар ҳамда улардаги имтиёз ва преференциялар, банк тизими ва валюта конвертацияси ҳақида батафсил маълумот берди. Бугунги кунда сиёсий ва макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, хорижий инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кафолатлаш ва кенг имтиёзлар тизимини яратиш Ўзбекистонда юритилаётган оқилона инвестиция сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлиги таъкидланди.

Саудия Арабистони вакиллари Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ўз самарасини бераётгани, жумладан хорижий инвестициялар миқдори ошаётгани ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар сафи кенгаяётганига юқори баҳо берди. Ушбу ижобий натижалар саудиялик йирик компаниялар ва ишбилармон доиралар вакилларини ўз сармояларини Ўзбекистондаги истиқболли лойиҳаларга йўналтиришга ундаётгани таъкидланди.

Томонлар коронавирус пандемиясининг жаҳон иқтисодиётига ўтказаётган салбий таъсирига қарамасдан икки мамлакат ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил ривожлантириш лозимлиги бўйича ҳамфикрлилик изҳор қилди.

Саудия Арабистони Миллий компанияларни қўллаб-қувватлаш агентлиги Подшоҳликнинг «Нигоҳ-2030» стратегик режасини амалга ошириш бўйича 13 та дастуридан бири сифатида Валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон ташаббуси билан ташкил этилган.

Унинг асосий вазифаси мамлакатнинг йирик компанияларига халқаро миқёсда фаолиятни кенгайтиришга ёрдам беришдан иборат.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net