Ўзбекистон ва Бенилюкс минтақалари вакиллари ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича лойиҳаларни муҳокама қилди

06.05.2020 14:36

БРЮССЕЛЬ, 6 май. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикасининг Бенилюкс мамлакатларидаги элчихонаси Қашқадарё вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда Бенилюкс мамлакатларининг ишбилармон, илмий доира ва жамоатчилик вакиллари билан видеоконференция ташкил қилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Видеоконференцияда Қашқадарё, Навоий ва Бухоро вилоятлари ҳокимликлари вакиллари, Ўзбекистон ва Бенилюкс мамлакатларининг 30 га яқин компаниялари, Европа мамлакатларида яшаётган ватандош, Туркия Мустақил тадбиркорлар уюшмасининг Нидерландия бўлими (MUSIAD), шунингдек, дунёнинг қишлоқ хўжалиги соҳасида кадрлар тайёрлаш бўйича етакчи олий ўқув юртларидан бир Нидерландиянинг Вагенинген университети тадқиқотчилари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикасининг Бенилюкс мамлакатларидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Дилёр Ҳакимов Ўзбекистонда коронавирус пандемияси шароитида иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган изчил чора-тадбирлар, маҳаллий экспортёр компанияларга ташқи бозорларга чиқишда кўрсатилаётган ёрдам, шунингдек, мамлакатда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш жараёни ҳақида сўзлаб берди.

Дипломатик ваколатхона раҳбари, шунингдек, иқтисодиётни кўплаб соҳаларида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш учун янги имкониятлар очилаётгани ҳамда пандемия даврида тадбиркорларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Д.Ҳакимов ўзбекистонлик ҳамда европалик тадбиркорларга ҳамкорликда ишлашлари учун ҳар томонлама кўмаклашишга тайёр эканини билдирди.

Видеоконференция давомида Қашқадарё, Навоий ва Бухоро вилоятлари ҳокимликлари вакиллари сўзга чиқиб, ҳудудларнинг экспорт ва сармоявий салоҳияти, пандемия даврида тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш чоралари тўғрисида маълумот берди.

Ўз навбатида, Бенилюкс мамлакатлари компаниялари, ишбилармон доиралари, илмий муассасалари вакиллари ҳамкорликни янада ривожлантириш, қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиш билдирди.

Вагенинген университети профессори ?.Новикова ва Ф.Гирлинг-Эйф ўз маърузаларида Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича тажриба марказини ташкил этиш борасида олиб борилаётган илмий лойиҳалар ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан 2020-2030 йилларда Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегиясини амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» ни ишлаб чиқишдаги ҳамкорликка тўхталди.

Туркиянинг Мустақил тадбиркорлар уюшмаси (MUSIAD) вакиллари, шунингдек, Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этаётган бир қатор компаниялар ўзбекистонлик шериклар билан ишлаш тажрибалари ҳақида маълумот берди, ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр эканликларини қайд этишди.

Тадбир давомида тадбиркорлар ўртасида алоқаларни ўрнатиш, Ўзбекистондан Европа бозорига турли хил маҳсулотларни етказиб бериш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш тўғрисида келишувга эришди.

Шу ўринда таъкидлаш жоиз, видеоконференция иштирокчилари ушбу лойиҳалар тезкор маълумот алмашиш ва юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни ўз вақтида муҳокама қилиш нуқтаи назаридан фойдали эканини таъкидлашди.

Музокаралар натижасига кўра, ушбу шаклдаги учрашувларни доимий ўтказишга келишиб олинди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net