Ўзбекистон, Туркманистон ва Эрон темир йўл маъмуриятлари делегацияларининг видеоконференцияси бўлиб ўтди

25.05.2020 16:16

ТОШКЕНТ, 25 май. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон, Туркманистон ва Эрон темир йўл маъмуриятлари делегацияларининг видеоконференция  шаклида мулоқоти бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири «Ўзбекистон темир йўллари»  АЖ манбасига асосланиб.

Уч томонлама ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ўтказилган онлайн-учрашувда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бошқаруви раиси вазифасини бажарувчи X.Ҳосилов, Эрон йўл ва шаҳар қурилиши вазирининг ўринбосари С.Расули, Туркманистон темир йўллари агентлиги раҳбари А.Атамуродов, шунингдек, экспедиторлик ва логистика компаниялари раҳбарлари иштирок этди.

Ўзбекистон томони мамлакатларимиз ўртасидаги транспорт ва логистика соҳасидаги муаммоларни имкон қадар тезроқ ҳал қилиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва муҳим соҳаларда иқтисодий фаолиятни амалга ошириш учун зарур бўлган товарларнинг тўсқинликсиз ҳаракатланишини таъминлаш бўйича биргаликда чоралар кўриш муҳимлигини таъкидлади.

Эрон ва Туркманистон томонидан ушбу ташаббус қўллаб-қувватланди.

Онлайн мулоқот иштирокчилари  мавжуд карантин шароитида темир йўл транспортида давлат чегаралари орқали транспорт ва транзит соҳасида ўзаро таъсир механизмларини такомиллаштириш юзасидан фикр алмашди.

Шунингдек, музокаралар давомида товарларни узлуксиз етказиб бериш билан боғлиқ қатор масалалар, шу жумладан, томонларнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича келишилган ҳаракатлари муҳокама қилинди. Ўз навбатида юк ташиш жараёнида чегараларда Covid-19 тарқалишининг олдини олиш учун дезинфекция туннелларини ташкил этиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни янада такомиллаштириш маъқулланди.

Учрашув якунида томонлар темир йўл маъмуриятлари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва бундай мулоқотларни давом эттиришга келишиб олди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net