Ўзбекистон трансчегаравий электрон тижорат бўйича 5-халқаро конференцияда тақдим этилди

15.05.2021 13:53

ПЕК?Н, 15 май. /«Дунё» АА/. Хитойнинг Хэнань провинциясидаги Чжэнчжоу шаҳрида трансчегаравий электрон тижорат бўйича V халқаро конференция (5th Global Cross-border E-commerce Conference) бўлиб ўтди. Халқаро форумда Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонаси вакиллари иштирок этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Конференция Хитой савдо вазирлиги Халқаро савдо ва иқтисодий ҳамкорлик институти, Хитой халқаро электрон тижорат маркази, Хэнань провинцияси савдо бошқармаси ва Чжэнчжоу шаҳри маъмурияти томонидан ташкил этилди. Форумга Марказий Осиё, Европа ва Осиё давлатлари дипломатия  ваколатхоналари вакиллари, шунингдек, 1 минг 700 дан ортиқ халқаро электрон тижорат корхонаси раҳбарлари, эксперт ва олимлар таклиф этилди.

Анжуманда трансчегаравий электрон савдо янги ва рақобатбардош савдо тури сифатида глобал иқтисодий савдо таркибида, айниқса, коронавирус пандемияси даврида катта ўзгаришларга олиб келаётгани таъкидланди.

Мамлакатимиз дипломатия миссияси вакиллари электрон тижорат соҳасида Ўзбекистон корхоналари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида қатор уюшма ва компаниялар вакиллари билан учрашувлар ўтказди. Мазкур мулоқотлар давомида эришилган келишувлар натижаси Хитой бизнес ҳамжамиятининг ўзбекистонлик шериклар билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга қизиқиши тобора ортиб бораётганини намойиш этди. Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар кўплаб устувор йўналишларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада рағбатлантиришга кенг имкониятлар очаётгани таъкидланди.

Хэнань Хитойнинг Шарқий-марказий қисмида жойлашган провинциядир. Хитой маданиятининг бешикларидан бири бўлган ушбу минтақада машҳур археологик иншоотлар жойлашган. Хэнань сўнгги йигирма йил давомида  жуда тез иқтисодий ривожланишни бошдан кечирди. Минтақанинг меҳнат ресурслари, қулай иқлим ва инфратузилмаси иқтисодиётнинг барча тармоқларида етакчилик мавқеини эгаллаш имконини бермоқда.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net