Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари “UzTextile Expo Spring – 2021” кўргазмасининг очилишида иштирок этди

27.05.2021 16:45

ТОШКEНТ, 27 май. /Дунё АА/. Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Ғайрат Фозилов бугун “Ўзэкспомарказ” мажмуасида бўлиб ўтган “UzTextile Expo Spring – 2021” 3-халқаро тўқимачилик ва мода саноати кўргазмасининг очилиш маросимида иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ғ.Фозилов кўргазма иштирокчилари ва меҳмонларини, шу жумладан, дипломатик корпус вакилларини қутлар экан, ушбу тадбирни ўтказишнинг амалий аҳамияти юқори эканини таъкидлади. Тўқимачилик саноати миллий иқтисодиётнинг муҳим тармоқларидан бири экани, шунингдек, хорижий мамлакатлар билан савдо-иқтисодий алоқаларда алоҳида ўринга эга экани қайд этилди. Жорий йил 10 апрелидан бошлаб Ўзбекистон Европа ?ттифоқининг "GSP+" имтиёзлар тизимининг бенефициар мамлакатига айлангани, бу эса Европа мамлакатлари билан газлама, кийим-кечак ва бошқа тўқимачилик маҳсулотлари каби муҳим экспорт товарлари савдосини кўпайтириш учун ҳам янги имкониятлар очганига эътибор қаратилди.

Бу йил кўргазмада Беларусь, Корея Республикаси, Россия, Тожикистон, Туркия, Афғонистон ва бошқа мамлакатлардан 100 га яқин компания ва бренд иштирок этмоқда. Табиий ва синтетик ип ва толалар, газлама ва трикотаж матолар, техник тўқимачилик ва нотўқима материаллар, кимёвий моддалар ва бўёқлар, тўқимачилик галантереяси, аксессуарлар, эркаклар, аёллар ва болалар кийимлари, мўйна ва чарм буюмлар, спорт ва дам олиш учун кийим-кечаклар ва кенг турдаги бошқа маҳсулотлар намойиш этилмоқда.

Кўргазма 29 майга қадар давом этади ва рекорд даражада иштирокчилар ва меҳмонларни кутмоқда.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net