Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари транспорт соҳасини ривожлантиришга тўсиқ бўлаётган муаммолар юзасидан йиғилиш ўтказди

17.08.2020 17:11

ТОШКЕНТ, 17 август. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Сардор Умурзоқов раҳбарлигида транспорт соҳасини ислоҳот қилишга бағишланган видеоконференция шаклида йиғилиш бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири ?нвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги манбасига асосланиб.

Йиғилишда ?нвестициялар ва ташқи савдо ҳамда Транспорт вазирликлари, «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти, «Uzbekistan airways» авиакомпанияси, «Uzbekistan Airports» акциядорлик жамияти, Давлат активларини бошқариш агентлиги, Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва бошқа тегишли идора ҳамда ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.

Унда қатор давлатларда автомобилда юк ташиш чеклангани сабабли юк ташишнинг асосий қисми темир йўл коммуникациялари орқали амалга оширилаётгани муносабати билан пандемия шароитида республика иқтисодиёти учун стратегик аҳамиятга эга темир йўл транспорти соҳасини ривожлантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар танқидий кўриб чиқилди. Жорий йилнинг январь-июль ойларида халқаро юк ташувларнинг умумий ҳажми 17,8 миллион тоннани (ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 110 фоиз) ташкил этгани қайд этилди.

Қабул қилинган чора-тадбирларга қарамасдан, ушбу соҳа ривожланишига тўсқинлик қилувчи тизимли муаммолар долзарб бўлиб қолаётгани таъкидланди. Монополизмнинг юқори даражаси ва рақобат муҳитининг етишмаслиги, тарифларни белгилашнинг шаффоф бўлмаган тизими, юқори амалиёт харажатлари, хизматларни рақамлаштиришнинг паст даражаси, етказиб беришда тез-тез рўй бераётган узилишлар ва бошқа омиллар шулар жумласидандир.

Парвозлар географиясини кенгайтириш ва юк ҳажмини оширишнинг қониқарсиз динамикаси, шунингдек, ягона ривожланиш стратегиясининг ва кейинги ислоҳотларни амалга оширишнинг аниқ йўналишлари мавжуд эмаслиги кузатилаётган авиация соҳасида ҳам юзага келган вазият алоҳида муҳокама қилинди. Бу ҳолат эпидемиологик вазият туфайли жорий йилнинг биринчи ярмида йўловчи рейслари ҳажмининг кескин тушиб кетиши ва миллий авиаташувчи даромадларининг сезиларли даражада пасайиши билан мураккаблашмоқда.

Ушбу соҳада ҳам Ўзбекистон авиация соҳасининг инвестиция жозибадорлигини ошириш ва рақобатбардошлигини таъминлаш учун зарур шарт ҳисобланган муаммолар аниқланди. Жумладан, аэропортлар ўтказиш қувватининг етишмаслиги, хизматлар ривожланишининг паст даражаси, мамлакатда ишлаб чиқарилмайдиган авиация техник маҳсулотлари ва товар-моддий қийматликларни импорт қилишда фуқаро авиацияси корхоналарининг харажатлари, шунингдек, бошқа мамлакатларга нисбатан техник хизмат кўрсатиш ва ёқилғи қуйиш маҳсулотларига ўрнатилган юқори нархлар.

Амалга оширилган ишлар ва ушбу йўналишларда кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан тегишли идоралар раҳбарларининг ҳисоботларини кўриб чиқиш натижалари асосида темир йўл транспорти ва фуқаро авиацияси соҳаларини янада такомиллаштириш бўйича мақсадли кўрсатмалар берилди.

Хусусан, Транспорт вазирлиги ва «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятига миллий темир йўл тизимини тубдан ислоҳ қилиш концепциясини ишлаб чиқиш вазифаси топширилди.

Концепцияда соғлом рақобат муҳитини яратиш, транспорт жараёнларини такомиллаштириш ва тариф сиёсатининг шаффофлигини ошириш, замонавий корпоратив бошқарувни жорий этиш ва иш жараёнларини рақамлаштириш мақсадида темир йўл ташувларига хусусий амалиётларни жалб этиш чоралари назарда тутилади.

Бундан ташқари, Транспорт вазирлиги, «Uzbekistan airways» ва «Uzbekistan Airports» раҳбарларига тарифларни оптималлаштириш, хизматлар сифатини ошириш, юк ташишни ривожлантириш ва тегишли инфратузилмани замонавийлаштириш, шунингдек, фуқаро авиацияси соҳасида давлат-хусусий шериклигини кенгайтириш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқиш топширилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net