Ўзбекистон қуритилган меваларини Жанубий Корея бозорига етказиб бериш масаласи муҳокама қилинди

30.07.2020 14:15

СEУЛ, 30 июль. /«Дунё» АА /. Ўзбекистон Республикасининг Сеулдаги элчихонаси «Keunsan Food» компанияси директори Ко Мин Сонг билан Ўзбекистон қуритилган меваларини Корея Республикаси бозорига етказиб бериш бўйича ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш учун учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Ко Мин Сонг Жанубий Корея бозорига кейинчалик экспорт қилиш учун Ўзбекистондаги қуритилган мевалар, хусусан, қуритилган ўрик ишлаб чиқарувчилари билан ҳамкорлик ўрнатишга қизиқиш билдирди.

«Keunsan Food» компаниясининг анъанавий ҳамкорлари — Хитой ва Ветнам компаниялари ҳисобланади.

— Ўзбекистондан келтирилган қуритилган ўрикни татиб кўрганимдан сўнг унинг юқори сифати ва ўзгача таъми борлигига амин бўлдим, — деди Ко Мин Сонг. — Шу боис эътиборни органик маҳсулотлар ишлаб чиқариладиган Ўзбекистонга йўналтиришга ва ўзбек компаниялари билан узоқ муддатли ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ниятидамиз.

Тадбирда мавжуд келишув ҳамда икки мамлакат карантин хизматларининг Корея Республикаси бозорига Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш бўйича олиб бораётган ишлари, шунингдек, қуритилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг йирик маҳаллий ишлаб чиқарувчи ҳудудлари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Ко Мин Сонг тегишли лаборатория таҳлиллари учун Ўзбекистон қуритилган меваларининг биринчи жўнатмасини етказиб беришга тайёрлигини билдирди. Ушбу маҳсулотлар Жанубий Корея бозорига импорт ҳажмини янада ошириши таъкидланди.

Музокаралар якунида зарур маълумотларни, шу жумладан тижорий шартлар ва таклифлар бўйича маълумот алмашиш, шунингдек, ўзбекистонлик шериклар билан видеоконференцалоқа шаклида  музокараларни давом эттиришга келишиб олинди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net