Ўзбекистон Марказий божхона лабораториясига Жаҳон божхона ташкилотининг минтақавий мақоми берилди

25.11.2021 11:29

ТОШКЕНТ, 25 ноябрь. /«Дунё» АА/. Бугун Ўзбекистон давлат божхона қўмитасида мамлакатмизга ташриф билан келган Жаҳон божхона ташкилоти Бош котиби Кунио Микурия иштирокида тадбир бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири

Қўмита маълумотига кўра, тадбир доирасида Марказий божхона лабораториясига Жаҳон божхона ташкилотининг минтақавий мақоми берилди.

Тадбирда давлатимиз раҳбарининг божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш бўйича ташаббуслари асосида сўнгги йилларда соҳада улкан ислоҳотлар амалга оширилаётгани таъкидланди. 2019 йилда Кунио Микуриянинг Ўзбекистонга бўлган ташрифидан сўнг, Жаҳон божхона ташкилоти билан ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича тасдиқланган «Йўл харитаси»га биноан Ўзбекистонда қатор ишлар амалга оширилди.  

Хусусан, 2020 йилда Ўзбекистоннинг ташқи савдо соҳасида халқаро даражада эътироф этилган ҳужжатлар – Божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш бўйича Киото конвенцияси ва Вақтинча олиб кириш бўйича ?станбул конвенциясига қўшилгани мамлакатимиздаги тадбиркорлик ва инвестиция муҳитининг жозибадорлигини янада оширишга хизмат қилади.

«Ягона дарча» божхона миллий тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Жаҳон божхона ташкилотига аъзо давлатларнинг «Ягона дарча» тизимини қўллаш бўйича стандартлари, амалиёти ўрганиб чиқилди ва амалиётга тадбиқ этилди.

Ўзбекистон божхона ходимлари учун Жаҳон божхона ташкилотининг «Электрон божхона академияси» ҳамда CLiKC (Божхона таълимоти ва ўқув тизими) электрон таълим порталидан фойдаланиш имконияти яратилди.

Бундан ташқари Жаҳон божхона ташкилоти ҳамкорлигида Давлат божхона қўмитаси Минтақавий кинология ўқув маркази кадрлар салоҳиятини ошириб бормоқда.

Шунингдек, мамлакатимизда ТIR-carnet китобчалари асосида ташувларни электрон расмийлаштиришни назарда тутувчи “Е-ТIR” лойиҳаси синов тариқасида амалиётга жорий этилди.

Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан чегарада жойлашган божхона постлари ўтказувчанлигини ошириш ва инфратузилмасини янада яхшилашни тақозо этади. Шу мақсадда «Айритом», «Олот», «Яллама», «Фарғона», «Ғишткўприк» чегара божхона постлари дунёнинг илғор технологиялари билан жиҳозланди. Чегара божхона постларида қўшимча 4 та замонавий инспекцион-кўрик мажмуаси ўрнатилди.

Бугунги кунга келиб божхона органлари фаолиятига божхона мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган 67 та автоматлаштирилган ахборот тизимлари ва  33 та интерактив хизматлар жорий қилинди. «Автоматлаштирилган тарзда чиқариб юбориш», «Божхона аудити», «Е-Транзит» каби бир неча автоматлаштирилган ахборот тизимлари амалиётга жорий этиш чоралари кўрилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 10 сентябрдаги «Божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва давлат божхона хизмати органлари ташкилий тузилмасини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги фармони билан қўмитаси тизимида алоҳида юридик шахс мақомига эга Марказий божхона лабораторияси ташкил этилди.

Мазкур ислоҳотларнинг давоми сифатида, шунингдек, Марказий Осиё минтақасидаги лабораториялар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, Жаҳон божхона ташкилотининг Марказий Осиёдаги салоҳиятини янада ошириш мақсадида Давлат божхона қўмитасининг Марказий божхона лабораториясига Жаҳон божхона ташкилотининг Минтақавий божхона лабораторияси мақоми берилди.

Тадбирда Англашув меморандумини имзолаш маросими бўлди.

Давлат божхона қўмитасининг Марказий божхона лабораториясига минтақавий божхона лабораторияси мақомини берилиши божхона органларининг фискал функцияларини амалга оширишни такомиллаштиришда ўз самарасини беради.  

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net