Ўзбекистон иқтисодиётидаги ислоҳотлар янги хорижлик шериклар эътиборини тортмоқда

13.06.2020 10:11

БРЮССЕЛЬ, 13 июнь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Бенилюкс мамлакатларидаги элчиси Дилёр Ҳакимов Бельгиянинг «Sarens» компанияси савдо вакили ва бизнес лойиҳалар бўйича директори Жан Саренс ва Стефан Бакелжау билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Суҳбат чоғида Ўзбекистонда шаҳар инфратузилмаси, кўчмас мулк, шунингдек, энергетика, шу жумладан атом ва шамол электр станциялари соҳасидаги йирик лойиҳаларни амалга оширишда компания хизматларини жалб этиш бўйича ҳамкорлик истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди.

“Sarens” вакилларининг сўзларига кўра, Ўзбекистон бозорига киришга бўлган қизиқиш йил сайин ортиб бормоқда. Бунга мамлакат раҳбариятининг иқтисодиётни либераллаштириш, хорижий компаниялар томонидан Ўзбекистонда бизнес юритиш учун яратилган шарт-шароитларни соддалаштириш ва бошқа имтиёзлар бериш бўйича олиб бораётган фаол сиёсат ёрдам бермоқда. Компания минтақада кўп йиллардан буён Қозоғистонда жойлашган ваколатхонаси орқали фаолият юритиб келмоқда.

Ўзбекистонда, жумладан, қурилиш соҳасида юзага келаётган истиқболларни ҳисобга олган ҳолда, “Sarens” компанияси дастлаб ўз хизматларига бўлган талабни ўрганиб чиқди ва Тошкентда офис очишга қарор қилди.

«Sarens» йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишда мураккаб  муҳандислик масалаларини ҳал этиш учун Ўзбекистонга хизмат кўрсатишга тайёр эканини билдирди.

Учрашув якунида «Sarens» компанияси томонидан Ўзбекистонда амалга оширилиши режалаштирилган муайян инфратузилма лойиҳаларда қатнашишга доир таклифлар тайёрлашга келишиб олинди.

1921 йилда Франс Саренс томонидан ташкил этилган «Sarens» компанияси турли юк кўтариш ускуналари, шу жумладан кранлар ва уларга бутловчи қисмларни ишлаб чиқариш ва ижарага бериш бўйича етакчи корхона ҳисобланади. У ўз мижозларига оғир юк кўтариш ва транспорт муҳандислигининг замонавий вазифалари учун ижодий ва ақлли ечимларни таклиф этади.

Компаниянинг ускуналари цемент заводларини таъмирлаш, денгиз бандаргоҳларидан фойдаланиш, кўприклар ва электр станциялари барпо этиш каби лойиҳаларда фаол қўлланилади. “Sarens” лифтлари умумий тоннаж бўйича жаҳон рекордига эга. 2018 йилнинг ноябрида компания 250-275 метргача баландликларда ишлашга мослашган ва юк кўтариш қобилияти 5 минг метр тоннага тенг бўлган «Sarens SGC-250» энг катта кранни яратди.

Компаниянинг энг йирик мижозлари нефть, нефть ва газ қазиб олиш, уни қайта ишлаш, нефть-кимё саноати корхоналари, шунингдек, пудратчи ва субпудрат қурилиш-монтаж ташкилотлари ҳисобланади. Дунёнинг 50 мамлакатида 100 та ваколатхонаси мавжуд.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net