Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ Жиззах вилоятида амалга оширилаётган ва истиқболли лойиҳаларни ўрганди

24.02.2021 15:36

ТОШКЕНТ, 23 февраль. /«Дунё» АА/. Кеча Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари Сардор Умурзоқов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Жиззах вилоятининг Пахтакор ва Дўстлик туманларига ташриф буюрди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

?нвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги маълум қилишича, Пахтакор туманида «Silverleaf» компанияси (АҚШ) директори Дэн Паттерсон билан учрашув бўлиб ўтди. Тадбирда  ҳудудда фаолият юритиб келаётган пахта-тўқимачилик кластерининг ишлаб чиқариш жараёни муҳокама қилинди. Вилоят ва туман раҳбарияти иштирокида кечган суҳбат давомида кластернинг ишлаб чиқариш фаолияти билан боғлиқ амалий масалалар атрофлича кўриб чиқилди, самарадорликни ошириш усуллари ҳамда Американинг илғор технологияларини жорий этиш орқали ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш ва маҳсулотнинг қўшилган қийматини ошириш ҳисобига америкалик инвесторнинг Ўзбекистондаги фаолиятини янада кенгайтириш истиқболлари ҳақида сўз борди.

Мавжуд масалаларни ҳал этиш учун самарали механизмлар ишлаб чиқилди ва кластер ривожланишини қўллаб-қувватлашга оид навбатдаги тадбирлар белгиланди.

Дўстлик туманига амалга оширилган ташриф чоғида тармоқ идоралари ва бирлашмалари, тижорат банклари ва маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарлари иштирокида туманни жадал ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.

Қишлоқ хўжалиги, саноат ва ижтимоий соҳанинг турли йўналишларига инновацияларни кенг жорий этишга қаратилган янги инвестиция лойиҳаларини шакллантириш орқали Дўстлик туманини «инновациялар туманига» айлантириш вазифаси қўйилгани маълум қилинди.

Мутасадди раҳбарлар бажарилган ишлар бўйича натижаларини тақдим этди, истиқболли лойиҳа таклифлари тақдимотини ўтказди ва қўйилган вазифани тармоқлар кесимида ижро этиш бўйича ўз қарашларини баён қилди.

Тақдим этилган ғоя ва таклифларни кўриб чиқиш чоғида мавжуд муаммоларни таҳлил қилиш ва капитал қўйилмаларнинг иқтисодий самарасини максималлаштирувчи лойиҳа таклифларини ишлаб чиқишда тизимли ёндашувни қўллаш зарурлиги борасида алоҳида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

?нновацион ечимларнинг энергия самарадорлиги ва тежамкорлигини, шунингдек, уларнинг ишлаб чиқариш қувватлари ошиши ва ўзаро боғлиқ тармоқларнинг ривожланишига таъсирини ҳисобга олиш муҳим аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди.

Шунингдек, туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг турли соҳаларида инновацияларни қўллаш бўйича янги ғоя ва таклифларни ишлаб чиқишда ёшлар салоҳиятидан фойдаланиш истиқболга эга эканлиги таъкидланди.

Муҳокама якунида ишчи гуруҳ аъзоларига белгиланган вазифалар ижросини жадаллаштириш ва қисқа вақт ичида аниқ натижаларга эришишни таъминлаш бўйича кўрсатмалар берилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net