Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари бошчилигида Бухоро вилоятини маҳаллалар кесимида комплекс ривожлантиришни янада рағбатлантириш бў

25.01.2021 13:18

ТОШКЕНТ, 25 январь. /«Дунё» АА/. Жорий йил 23 январь куни Бухоро шаҳрида Давлат раҳбарининг вилоятга амалга оширган ташрифидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Сардо Умурзоқов бошчилигида видеоконференция шаклида Бухоро вилоятининг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини рағбатлантириш бўйича долзарб вазифалар муҳокамаси бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

?ТСВ матбуот хизмати маълумотига кўра, муҳокамада вилоятнинг туман ва шаҳарларига бириктирилган вазирлик, идора, тижорат бирлашмалари раҳбарлари ҳамда маҳаллий ҳокимият органлари вакиллари қатнашди.

Мамлакат Президентининг Бухоро вилоятига амалга оширган ташрифи чоғида белгилаб берган устувор вазифаларни ҳисобга олган ҳолда, барча 544 та маҳаллалар кесимида ҳудуд салоҳияти ва муаммоларини ўрганиш бўйича тизимли ишларни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.

Аҳолининг эҳтиёжларини, шунингдек, инфратузилмавий ва ижтимоий объектларнинг ҳозирги ҳолатини янада холисона ўрганиш мақсадида ўтказилаётган таҳлил тамойилларини қайта кўриб чиқиш вазифаси қўйилди.

Олиб борилган ўрганиш асосида мавжуд муаммоларни ҳал қилиш бўйича аниқ чора-тадбирлар, масъул ижрочилар ва амалга ошириш муддатлари кўрсатилган ҳолда яқин келажакда вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида ҳар бир маҳаллани комплекс ривожлантириш бўйича алоҳида “Йўл хариталари” ишлаб чиқилади. Шу билан бирга, аҳолининг бандлигини таъминлаш, қамбағалликни қисқартириш ва янги иш ўринларини яратишга алоҳида эътибор қаратилади.

Шу нуқтаи назардан, Бухоро вилоятининг 2021-2022 йилларга мўлжалланган минтақавий инвестиция дастурига киритилган 19,2 трлн сўмлик 713 та инвестиция лойиҳаларини ҳамда касаначиликни ташкил этиш ва аҳолининг бандлигини оширишга қаратилган умумий қиймати 1,0 трлн сўмлик 167 та лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш бўйича амалий чора-тадбирлар режаларини қисқа муддатда ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш топширилди.

Вилоят туман ва шаҳарларининг саноат ва экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда мавжуд “ўсиш нуқталари”га боғлаган ҳолда юқори иқтисодий самарага эга янги истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш учун имкониятларни ўрганишда давом этиш устувор вазифа сифатида кўрсатиб ўтилди.

Бундан ташқари, мутасадди раҳбарларга аҳолини тадбиркорлик ва ишлаб чиқариш фаолиятига кенгроқ жалб этиш орқали янги иш ўринлари яратиш бўйича қўшимча таклифлар ишлаб чиқиш топширилди.Муҳокамалар натижасида идоралараро ўзаро ҳамкорлик қилиш алгоритмлари белгиланди ва қўйилган вазифаларнинг сифатли ва ўз вақтида бажарилиши юзасидан аниқ кўрсатмалар берилди.Вилоят маҳаллаларини ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган “йўл хариталари” Бухоро вилоятининг барча 13 шаҳар ва туманларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича алоҳида дастурларга киритилади. Тасдиқланишидан олдин ушбу дастурлар Халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашларининг махсус сессияларида маҳалла раислари иштирокида алоҳида муҳокама қилиниши лозим.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net