«Uzbekistan GTL»да йилига умумий қиймати 1 миллиард АҚШ доллари ёки 12,8 триллион сўмдан ортиқ импорт ўрнини босувчи нефть маҳсулотлари ва углевод

25.12.2021 12:15

ТОШКЕНТ, 25 декабрь. /«Дунё» АА/. Бугун Қашқадарё вилояти Ғузор туманида синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқарадиган «Uzbekistan GTL» заводи фаолиятини бошламоқда.

ЎзА манбасига кўра, янги корхона GTL, яъни "газни – суюқликка" технологияси асосида йилига 3,6 миллиард метр куб табиий газни қайта ишлаб, 1,5 миллион тонна тайёр маҳсулотлар – авиакеросин, дизель ёқилғиси, нафта, суюлтирилган газ ишлаб чиқариш қувватига эга. Бундай завод шу пайтгача жаҳонда фақат 4 та давлатда – Қатар, Нигерия, ЖАР ва Малайзияда барпо этилган. Бу ерда йилига умумий қиймати 1 миллиард АҚШ доллари ёки 12,8 триллион сўмдан ортиқ импорт ўрнини босувчи нефть маҳсулотлари ва углеводород хом ашёлари ишлаб чиқарилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 29 декабрдаги «Шўртан газ-кимё комплексининг тозаланган метан негизида суюқ синтетик ёқилғи ишлаб чиқариш» инвестиция лойиҳасини амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори асосида амалга оширилган лойиҳанинг таъсисчиси «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти ҳисобланади.

Бугунги кунда Ўзбекистон табиий ресурсларидан фойдаланишга тубдан янгича ёндашувни мақсад қилган. Бунинг ёрқин намунаси янги UzGTL заводи табиий газни чуқур қайта ишлаш асосида юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришнинг йўлга қўйилганидир. Бу каби йирик лойиҳалар туфайли Ўзбекистон босқичма-босқич табиий газ хомашёси экспортидан воз кечиб, нефть маҳсулотлари импортини камайтирмоқда. Бу эса, энергетик мустақиллигимизни мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшилаётганидан далолат беради.

Нафақат Ўзбекистон, балки МДҲ мамлакатлари ичида энг йирик инвестиция лойиҳалардан бири ҳисобланадиган мазкур UzGTL мажмуаси ҳам инновацион ишлаб чиқариш намунасидир. Шунингдек, МДҲ ҳудудидаги энг замонавий ва инновациялардан бири бу – корхонанинг марказий бошқарув пульти ва завод марказий лабораториясидир.

Шу ўринда GTL технологияси ўзи нима, бу услубга таянадиган заводнинг ўзига хослиги нималарда акс этади, деган саволга ойдинлик киритиб ўтсак. ?нглизча Gas to Liquids, яъни газдан суюқлик ҳосил қилишни англатувчи ушбу тушунча табиий газдан фойдаланган ҳолда экологик тоза ва замонавий ёнилғи турларини, шунингдек, бошқа қимматбаҳо кимёвий маҳсулотларни ишлаб чиқариш жараёнини ифодалайди.

GTL технологияси асосида табиий газдан қўшилган қийматли маҳсулотлар олиш уч босқичда амалга оширилади. Ушбу технология асосида тайёрланган замонавий ёнилғи турлари экологик жиҳатдан сифатли ва тоза. Бу эса, ўз навбатида, бугунги кунда долзарб масалага айланган табиатга зарар етказмаслик тамойилига ҳам мос тушади. Масалан, GTL дизель ёнилғисини олайлик. Юқори техник тавсифга эга ва таркибида олтингугурт миқдори деярли бўлмаган GTL дизелидан атмосферага айтарли чиқит чиқмайди.

GTL дизелини тоза ҳолда дизель двигателларида қўллаш, шунингдек, анъанавий дизель маҳсулотлари билан аралаштириш учун хомашё сифатида фойдаланиш ҳам мумкин. Унинг тоза ва тўлиқ ёниши эса двигателларнинг фойдаланиш муддатини узайтириб, ёнилғи-мойлаш материалларини алмаштириш оралиғини ошириш имконини беради. Худди шунингдек, GTL керосини авиакомпанияларга атмосферага чиқариладиган зарарларни камайтиришнинг хавфсиз ва даромадли усулини таклиф этади.

Шу билан бирга, ишлаб чиқариш жараёнида ҳосил бўладиган ортиқча буғ ҳисобига автоном тарзда электр энергияси ишлаб чиқарилади. Яъни, “Uzbekistan GTL” заводини электр энергияси билан таъминлаш масаласи ҳам инновацион тарзда ҳал қилинди. Шундай қилиб, корхона нафақат ўз фаолияти учун зарур бўлган электр энергиясини мустақил равишда ишлаб чиқаради, балки зарур ҳолларда ишлаб чиқарилган электр энергиясининг қўшимча ҳажмини миллий электр тармоқларига ҳам етказиб беради. Бундан ташқари, инновацион технологиялар асосида қайта ишланган газдан замонавий юқори сифатли UzGTL маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.

Шу билан бирга, UzGTL заводида ишлаб чиқарилган нафта полимер маҳсулотларини ишлаб чиқаришни кўпайтириш учун “Шўртан газ кимё мажмуаси”нинг ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш объектларига қайта ишлаш учун юборилади ва шу орқали ягона нефть-газ-кимё кластери яратилади.

Қайд этиш лозимки, UzGTL синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш лойиҳаси яратилишида Sasol (Жанубий Африка), Haldor Topsøe (Дания), Chevron (АҚШ) ва Honeywell каби етакчи компанияларнинг илғор технологик ечимларидан фойдаланилди. Юқори халқаро стандартларга жавоб берадиган UzGTL маҳсулотлари биринчи навбатда республиканинг нефть маҳсулотларига, хусусан, дизель ёқилғиси ва керосинга, шунингдек, суюлтирилган газга бўлган ички эҳтиёжини қоплаш учун етказиб берилади.

Қолаверса, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар юқори сифатли бўлгани учун экспорт қилиш имконияти ҳам мавжуд бўлади.

Шуни алоҳида таъкилдаш керакки, UzGTL заводи Ўзбекистонда углеводород хомашёсини чуқур қайта ишлаш соҳасида амалга оширилаётган таркибий ўзгаришларнинг намунаси ва мамлакатимиз нефть-кимё саноатининг ривожланиш суръатларининг бир кўрсаткичи ҳисобланади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net