Ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш учун ҳали фойдаланилмаган катта имкониятлар мавжуд — Чжан Юйцзинь

18.07.2020 09:36

ПЕК?Н, 18 июль. /«Дунё» АА/. Мамлакатимиз электротехника тармоғида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш жараёнига Хитойдан сармоялар ва илғор технологияларни жалб этишга қаратилган саъй-ҳаракатлар доирасида Ўзбекистоннинг Пекиндаги элчихонаси томонидан ХХР Ускуналар ва электрон буюмлар импорти ва экспорти бўйича савдо палатаси (CCCME) президенти Чжан Юйцзинь билан учрашув ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири  Шуҳрат Умиров.

Чжан Юйцзинь Ўзбекистон ва Хитой ўртасида савдо-иқтисодий, сармоявий ва бошқа соҳаларда стратегик шериклик муносабатлари жадал равнақ топаётганини қайд этди. Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон CCCMEга аъзо корхоналарнинг диққат марказида турган устувор мамлакатлардан бири бўлиб қолмоқда. 

— Бугунги кунларда мамлакатларимизнинг савдо-иқтисодий, сармоявий ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлигини янада ривожлантириш учун ҳали фойдаланилмаган катта имкониятлар мавжуд, — деди у. — Шуни назарда тутган ҳолда, ишбилармон доиралар даражасида ўзаро алоқаларни янада фаоллаштириш масаласи долзарблик касб этмоқда.  

Учрашув чоғида элчихона томонидан «Ўзэлтехсаноат» уюшмаси томонидан ишлаб чиқилган электрон босма платалар, турли қувватлардаги электродвигателлар, фотоэлектр панеллари, компьютер ва офис техникалари, маиший техникалар учун компрессорлар, ўзгарувчан электр энергиясига мос генераторлар ишлаб чиқаришни кўзда тутадиган лойиҳалар тақдим этилди.

Шунингдек, маиший ва электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган Ўзбекистон – Хитой технологик саноат паркини барпо этиш таклифи ўртага ташланди.

Томонлар «Ўзэлтехсаноат» уюшмаси ва ушбу савдо палатаси, икки мамлакатнинг манфаатдор корхоналари вакиллари иштирокида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ масалалар муҳокамасига бағишланган онлайн-музокараларни мунтазам тарзда ўтказиб туришга келишиб олди.

Мазкур тадбир Хитой оммавий ахборот воситалари томонидан кенг ёритилди. Хусусан, мамлакатда энг оммабоп «Weixin» (“Вичат”) ижтимоий тармоғида «Чжан Юйцзинь Ўзбекистон элчиси билан учрашди» сарлавҳали материал эълон қилинди.

Мақолада Ўзбекистон ва Хитой ўртасида савдо-иқтисодий, сармоявий ва бошқа соҳаларда ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатлари жадал равнақ топаётгани, ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш, биргаликда истиқболли сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари ҳақида маълумотлар келтирилган.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net