Туркия билан савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик масаласи муҳокама қилинди

23.06.2020 15:51

ТОШКЕНТ, 23 июнь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Сардор Умурзоқов Туркия Республикаси вице-президенти Ф.Октай билан икки томонлама савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликнинг жорий ҳолати, уни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Таъкидланганидек, икки мамлакат ўртасида инвестицияларни жалб қилиш, ташқи савдо айланмасини ошириш, транспорт ва ижтимоий-гуманитар соҳаларда ҳамкорлик учун тизим мавжуд.

Суҳбат аввалида 50 та сунъий нафас олиш қурилмалари етказиб бергани учун Туркия томонига миннатдорлик билдирилди.

Музокаралар чоғида транспорт соҳасида ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, транспорт йўлаклари сиғимини ошириш мамлакатлар ўртасида халқаро савдо-иқтисодий шерикликни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди. Шу ўринда Туркия ҳукуматининг чегара ўтиш жойларида юзага келиши мумкин бўлган тирбандликларнинг олдини олиш борасидаги самарали ва мақсадли фаолияти юқори баҳоланди. Ўзбекистондан Туркияга Қозоғистон, Россия ва Грузия орқали кириб келаётган юклар учун йўлларда эркин ва тезкор ҳаракат қилиш муҳим аҳамият касб этади.

Маълумот учун, ўтган йили икки мамлакат ўртасида юк ташиш ҳажми 1,2 миллион тоннани ташкил қилиб, бу 2018 йилга нисбатан 22 фоизга кўпдир. Юк ташиш умумий ҳажмининг 85 фоизи автотранспорт воситалари ҳиссасига тўғри келади.

Томонлар жорий йилнинг март ойидан бошлаб «Боку – Тбилиси – Карс» темир йўли орқали Ўзбекистондан Туркияга 8 блокли поезд жўнатилишини ижобий баҳоладилар. Бундан ташқари, ушбу йўналиш бўйлаб блок поездларини биргаликда йўлга қўйишни ташкил этиш ҳисобига ўзаро юк ташиш ҳажмини ошириш орқали ушбу йўналишдан фойдаланишни жадаллаштиришнинг истиқболли механизмлари муҳокама қилинди.

Туркия томонига шу йилнинг январь ойида Қирғизистон, Ўзбекистон, Туркманистон, Озарбайжон ва Грузия темир йўл идоралари раҳбарлари томонидан Хитойдан Туркияга, кейин Европага ва ортга йўналган логистика йўлагини ривожлантириш мақсадида юк транзити учун тариф преференцияларини ўрнатиш тўғрисидаги Битим имзолангани ҳақида маълумот берилди. Ўз навбатида, Туркия вакилларига ушбу келишувда иштирок этиш таклифи билдирилди.

Мулоқотда “Ўзбекистон Республикаси ҳукумати билан Туркия Республикаси ҳукумати ўртасида халқаро комбинациялашган юк ташиш бўйича” битимни ратификация қилишда Туркиянинг ички тартибни тезлаштириши масаласи кўриб чиқилди. Битим катта ҳажмли ва оғир вазнли юкларни ташиш шартларини оптималлаштириш, комбинациялашган юк ташиш ҳажмларини ошириш учун зарур инфратузилмани ривожлантириш имконини беради.

Бундан ташқари, томонлар икки мамлакатнинг тегишли экспертлари иштирокида тизимли асосда ишлаб чиқарилаётган “?мтиёзли савдо тўғрисида”ги битимни қисқа муддатда имзолашдан манфаатдор эканини  билдирди. Хусусан, битимни лойиҳаси муҳокамаси бўйича 13-14 май кунлари видеоконференция шаклида ўтказилган музокараларнинг 5-давраси натижалари юқори баҳоланди.

Мулоқотда, шу билан бирга, Ўзбекистонда лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдор туркиялик инвесторларни жалб қилиш орқали Ўзбекистон – Туркия тўқимачилик компаниялари ўртасида бизнес алоқаларини мустаҳкамлаш йўллари юзасидан фикр алмашилди.

Шунингдек, инвестиция муҳитини яхшилаш, етакчи хорижий инвесторларни жалб қилиш, яширин иқтисодиётни бартараф этиш ва коррупцияга қарши курашда Туркия тажрибасини ўрганиш, интеграциянинг амалий механизмларини яратишни назарда тутган ҳолда институционал соҳада ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилишди.

Музокаралар якунида ҳамкорликнинг муҳокама этилган йўналишлари доирасида қўшма ташаббусларни янада рағбатлантириш бўйича келишувга эришилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net