Тошкентда “Мозори-Шариф – Кобул – Пешавор” темир йўли қурилишида Жаҳон банки билан ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди

01.02.2021 11:57

ТОШКЕНТ, 1 февраль. /«Дунё» АА/. Бугун Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Л.Бурунчук бошчилигидаги Жаҳон банки делегацияси билан икки томонлама ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилиш учун учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

?нвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги маълум қилишича, учрашув чоғида ўзаро ҳамкорликнинг жорий ҳолати, лойиҳаларнинг амалга оширилиши, шунингдек, Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги фаолиятини кенгайтиришнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди. Хусусан, 2020 йил биринчи ярим йиллиги якунлари бўйича Банк кредит маблағларининг 1 млрд. доллардан зиёд қисми ўзлаштирилганлиги таъкидланди. Бу, Жаҳон банки вакилларининг сўзларига кўра, минтақада энг яхши кўрсаткичлардан бири ҳисобланади.

Ўзбекистон томони пандемия шароитида Жаҳон банки COVID-19 тарқалишига қарши курашиш, тадбиркорлик фаолиятига кўмаклашиш ва муҳим ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни тарғиб қилишда ўз вақтида ва самарали қўллаб-қувватлаганини таъкидлади. Шу нуқтаи назардан, айнан ушбу йўналишлардаги изчил ишлар натижасида пандемиянинг дунё иқтисодиётига салбий таъсирига қарамай, Ўзбекистон 2020 йилда иқтисодий ўсишга эришган кам сонли давлатлардан бирига айлангани эътироф этилди.

Шунингдек, учрашув давомида келгуси беш йилга мўлжалланган Ўзбекистон ва Жаҳон банки ўртасидаги ҳамкорликнинг янги дастурини шакллантириш бўйича ишлаб чиқилаётган лойиҳаларни ва режалаштирилган тадбирларни тайёрлаш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

“Мозори-Шариф – Кобул – Пешавор” темир йўл лойиҳаси ҳаётга татбиқ этилишининг амалий жиҳатларини муҳокама қилишга бағишланган Афғонистон, Покистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари делегациялари иштирокида бўлиб ўтадиган юқори даражадаги уч томонлама музокараларга алоҳида эътибор қаратилди. Л.Бурунчук, ушбу лойиҳанинг Марказий Осиё мамлакатларининг динамик иқтисодий ўсишини таъминлаш, минтақавий алоқаларни мустаҳкамлаш ва транзит салоҳиятини тубдан юксалтириш нуқтаи назаридан стратегик аҳамиятини таъкидлаб, Жаҳон банки раҳбарияти унинг муҳимлигини тўлиқ англаётгани ва Ўзбекистон ҳукуматининг уни илгари суриш бўйича қатъий саъй-ҳаракатларини олқишлаётганини айтди.

Учрашув якунлари бўйича тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, инфратузилма ва ижтимоий соҳани замонавийлаштиришга алоҳида урғу берилиб, Ўзбекистонни барқарор ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан келиб чиқиб, шерикликни мустаҳкамлаш тўғрисида келишувга эришилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net