Тошкент тиббиёт академияси япониялик ҳамкорлар билан кадрлар тайёрлаш бўйича меморандум имзолади

16.02.2021 11:06

ТОШКЕНТ, 16 февраль. /«Дунё» АА/. Бугун Тошкент тиббиёт академиясида (ТТА) Япониянинг Iryo Sosei университети проректори Нобутака Тагучи билан музокаралар бўлиб ўтди. Учрашувда кадрлар тайёрлашда ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш истиқболлари муҳокама қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Музаффар Комилов.

ТТА ўқув ишлари бўйича проректор Шуҳрат Боймуродов меҳмонни қутлар экан, жорий йил Академия ташкил этилганига 100 йил тўлишини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, мазкур олий билим юртини битирган мутахассислар ҳозира дунёнинг етакчи тиббиёт муассасаларида фаолият юритмоқда.

Академия жаҳоннинг кўплаб тиббиёт университетлари ва бошқа олий таълим муассасалари билан яқин алоқалар ўрнатгани таъкидланди.

Япония делегацияси аъзолари Тошкент тиббиёт академияси талабалари ва ўқитувчилари билан ҳам учрашув ўтказди. Нобутака Тагучи Япония тиббиёт тизими, ҳукуматнинг тиббиёт соҳасида ёш кадрларни тайёрлаш ва уларнинг тажрибасини оширишга қаратаётган эътибори, шунингдек, Aoikai корпорацияси таркибига кирувчи Iryo Sosei университети фаолияти тўғрисида сўзлаб берди.

Унинг сўзларига кўра, бугун Японияда тиббиёт соҳасида ёш кадрлар етишмаётгани кузатилмоқда. Мамлакат ҳукумати хорижий талабаларни мамлакатдаги тиббиёт олий ўқув юртларида ўқитиш ва уларнинг малакасини ошириш учун махсус грантлар ва стипендиялар ажратмоқда. Шу билан бирга чет эллик талабалар япон тилини билиши шартлиги таъкидланди. Шу мақсадда Ўзбекистонда япон тилини ўқитиш маркази ташкил этилади.

Учрашув якунида ТМА ва Iryo Sosei университети ўртасида талабалар ва ўқитувчилар алмашинуви, маърузалар, семинарлар, қўшма тадқиқотлар ва бошқа соҳаларда ўзаро алоқалар йўлга қўйилишини назарда тутувчи ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди.

Академия талабалари Японияда ўқиш ва ишлашга қизиқиш билдирди ва ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олиш имкониятига эга бўлди.

Япониянинг Aoikai тиббиёт корпорацияси 1978 йилда ташкил этилган. Бугунги кунда унинг таркибида 130 га яқин компания ва 11 та таълим муассасаси мавжуд. Корпорацияда 15 минг киши фаолият кўрсатади.

Япониянинг Aoikai тиббиёт корпорациясининг бир қисми бўлган  Iryo Sosei университети 1987 йилда ташкил этилган. Университет фармацевтика, ҳамширалар тайёрлаш, соғлиқни сақлаш фанлари ва психология факультетларини ўз ичига олади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net