Тожикистон раислигида ШҲТ аъзо давлатлари қишлоқ хўжалиги вазирларининг олтинчи йиғилиши бўлиб ўтди

13.08.2021 10:06

ТОШКЕНТ, 13 август. /«Дунё» АА/. Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев кеча Тожикистон раислигида ўтказилган ШҲТ аъзо давлатлари қишлоқ хўжалиги вазирларининг олтинчи йиғилишида иштирок этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Онлайн форматда ўтказилган мазкур учрашувда  ШҲТ Бош котиби Владимир Норов, ШҲТ Кобитияти,  ФАОнинг Европа ва Марказий Осий бўйича минтақавий вакили Владимир Рахманин, шунингдек, ШҲТга аъзо давлатлар — Ҳиндистон, Россия, Қозоғистон, Хитой, Тожикистон, Қирғизистон, Покистон ва Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича вазирлари иштирок этдилар.

Йиғилишда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан, хусусан, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ёрдамида ўзаро манфаатли савдо-сотиқ қилиш, озиқ-овқат маҳсулотлари ўз вақтида етказиб берилиши бўйича ШҲТнинг "яшил" транспорт йўлаклари ва йўналишларини ташкил этиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ўзаро алмашиш учун ветеринария ва фитосанитария хавфсизлиги соҳасидаги назорат органлари бўйича ҳамкорликни ўрнатиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

Тадбир натижаларига кўра, ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича Қўшма баёноти маъқулланди ва имзоланди, шунингдек, Аграр технологияларни алмашиш ва таълим бўйича ШҲТнинг кўргазма базасини яратиш концепцияси тасдиқланди.

Маълумот тариқасида шуни ҳам қайд этиш керакки, ШҲТ давлатларининг қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорлиги тўғрисидаги асосий ҳужжат 2010 йил июнь ойида Тошкент шаҳрида имзоланган эди.

Эслатиб ўтамиз, ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг сентябрь ойида Душанбе шаҳрида бўлиб ўтадиган йиғилишидан сўнг 2021-2022 йиллардаги ташкилот раислиги Ўзбекистонга ўтиши кутилмоқда.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net