Ташқи савдони тариф ва нотариф тартибга солиш бўйича кенгашнинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди

13.05.2020 16:59

ТОШКЕНТ, 13 май. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзоқов раислигида 12 май куни Ташқи савдони тариф ва нотариф тартибга солиш бўйича кенгашнинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири ?нвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги манбасига асосланиб.

Йиғилишда акциз солиғи ставкаларини қайта кўриб чиқиш ва халқаро савдонинг умумқабул қилинган меъёрлари ҳамда қоидалари, жумладан, Жаҳон савдо ташкилоти битимларини ҳисобга олган ҳолда ташқи савдони тартибга солишнинг нотариф усулларидан фойдаланишни назарда тутувчи «йўл харитаси» кўриб чиқилди.

Ушбу чора-тадбирлар акциз сиёсатидаги ўзгаришларнинг иқтисодиётдаги айрим тармоқларга салбий таъсирини камайтиришга қаратилган. «Йўл харитаси»да кўзда тутилган вазифалар халқаро шартномалар доирасида қабул қилинган мажбуриятларнинг Ўзбекистон томонидан бажарилишини таъминлашга йўналтирилган.

Тадбирда ички ва ташқи бозорлардаги мавжуд вазиятни таҳлил қилиш асосида фаолият юритувчи ишчи гуруҳ тузишга қарор қилинди. Ушбу гуруҳ муайян тоифадаги маҳсулотлар билан савдо қилишда божхона имтиёзларини оптималлаштириш бўйича истиқболли таклифларни ишлаб чиқиш билан шуғулланади.
Йиғилишда, шунингдек, Кенгаш фаолиятини такомиллаштириш бўйича ишлар танқидий таҳлил қилинди. Органнинг иш самарадорлигини ошириш, бозор жараёнлари динамикасига тезкор жавоб бериш ҳамда ташқи савдони тариф ва нотариф тартибга солиш соҳасида тегишли чораларни ўз вақтида қабул қилишга қаратилган аниқ қарорлар қабул қилинди.

Маълумот учун, Ташқи савдони тариф ва нотариф тартибга солиш бўйича кенгаш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 январдаги «Ўзбекистон Республикаси ?нвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори билан ташкил этилган.
Кенгашнинг асосий вазифалари:

- божхона божлари ставкаларини белгилаш ва ташқи савдо фаолиятини амалга оширишда нотариф тартибга солиш чора-тадбирларини қўллаш бўйича халқаро тажрибани ўрганиш ҳамда таклифларни ишлаб чиқиш;

- ички ва ташқи бозорларда юзага келаётган вазиятдан келиб чиқиб, тариф ва нотариф тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, шунингдек, божхона тўловлари бўйича амалдаги имтиёзлар тизимига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифларни шакллантиришда иштирок этиш;

- Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолиятининг Товар номенклатураси ва товарларни таснифлаш қоидаларини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net