Швейцария, Германия, Бельгия ва Ўзбекистон банк, компания ва ташкилотлари вакиллари инвестиция соҳасидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳок

04.11.2020 10:59

ФРАНКФУРТ-МАЙН, 4 ноябрь. /«Дунё» АА/. Швейцария, Германия, Бельгия ва Ўзбекистоннинг банк тузилмалари, компания ва ташкилотлари вакиллари иштирокида онлайн-семинар бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Тадбир Швейцария-МДҲ Савдо палатаси (JCC) ва «Commerzbank» (Германия)нинг Тошкентдаги ваколатхонаси томонидан ташкил этилди.

Онлайн-анжуманни ташкил этишдан мақсад хориж сиёсий ва савдо-иқтисодий доиралари вакилларини республикамизда амалга оширилаётган банк-молия ислоҳотлари билан таништиришдан иборат бўлди.

JCC раиси Томас Анвандер иштирокчиларга Ўзбекистондаги янги мазмундаги савдо-иқтисодий жараёнлар, бизнес юритиш учун яратилаётган қулай шароитлар тўғрисида сўзлаб берди.

Т.Анвандер сўзларига кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда сиёсий-ҳуқуқий ва банк-молия соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакат иқтисодиётини хорижий инвесторлар учун янада жозибадор қилиш ва ўзаро манфаатли қўшма бизнес лойиҳаларни ҳаётга тадбиқ этишга ёрдам бермоқда.

«Commerzbank»нинг Тошкентдаги вакили Бодо Тонс махсус тақдимотида Ўзбекистон банк-молия соҳасидаги янгиликлар тўғрисида батафсил маълумот берди. У ўзбек банклари ўз капиталини янада кўпайтириш, шу жумладан, хорижий инвесторларни фаол жалб қилиш учун барча имкониятлар ва юқори салоҳиятга эга эканини таъкидлади. Шу билан бирга, у Европа ишбилармон доираларини Ўзбекистонда ўзаро манфаатли қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга чақирди.

Немис банкири Ўзбекистон ўзининг геосиёсий жойлашуви, хомашё ва инсон ресурсларига бойлиги сабабли тез орада Марказий Осиёда минтақавий етакчига айланишига ишонч билдирди.

Ўзбекистон Франкфурт-Майндаги Бош консулхонаси вакили, ўз навбатида, иштирокчиларни мамлакатимизнинг асосий иқтисодий кўрсаткичлари, давлат корхоналарини хусусийлаштириш бўйича қабул қилинган янги ҳуқуқий меъёрлар билан таништирди.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 октябрдаги «Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонининг мазмун-моҳиятига алоҳида эътибор қаратилди. Чет эллик шерикларга тегишли тендер ва ким ошди савдоларида қатнашиш таклифи билан хусусийлаштирилаётган объектлар рўйхати тақдим этилди.

Веб-семинар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net