Саудия Арабистонининг йирик қурилиш компанияси Ўзбекистонда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириши мумкин

16.08.2020 12:28

АР-Р?ЁД, 16 август. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Саудия Арабистонидаги элчихонасида ушбу мамлакатнинг йирик компанияларидан бири “Al Bawani” раҳбари Фахир ал-Шавваф билан учрашув ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

“Al Bawani” Саудия Арабистонидаги йирик қурувчи компаниядир. У подшоҳликда асосан уй-жой мажмуалари, саноат ва тижорат бинолари, шифохоналар, ўқув ва ҳукумат муассасалари, лойиҳалаштириш ҳамда муҳандислик ишларида кўплаб лойиҳаларни амалга оширган. МДҲ минтақасида Қирғизистон, Грузия ва Озарбайжон давлатларида инвестиция лойиҳаларини амалга оширган.

Учрашув давомида Фахир ал-Шаввафга Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берилиб, мамлакатимизнинг қурилиш ва бошқа соҳаларидаги лойиҳаларга инвестиция киритиш таклиф қилинди.

Музокаралар чоғида Хоразм, Навоий, Сурхондарё вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасининг инвестиция ҳамда экспорт салоҳияти, минтақаларда барпо этилган эркин иқтисодий зоналар фаолияти ҳамда ҳозирги кунда яхши тажрибага айланган давлат-хусусий шериклиги асосида ишлаш имкониятлари ҳақида тақдимот ўтказилди.

Саудия Арабистони компанияси раҳбари маълумотларни катта қизиқиш билан тинглади, компания мутахассисларига Ўзбекистонда “Al Bawani” томонидан амалга оширилиши мумкин бўлган лойиҳаларни ўрганишни топширди.

Фахир ал-Шавваф Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотлар, хорижий ҳамкорлар билан дўстона муносабатлар ўрнатилаётганидан ҳамда чет эллик инвесторларга қонуний жиҳатдан берилаётган катта имтиёзлар ҳақида маълумотларга эга эканини қайд этди, бу саъй-ҳаракатлар Ўзбекистон халқининг эртанги кун тараққиётининг кафолатлари эканини таъкидлади.

Фахир ал-Шавваф Ўзбекистонда йирик сармоя лойиҳаси устида иш олиб бораётган Саудия Арабистонининг “Acwa Power” компанияси билан ҳамкор эканини ҳамда 2,4 миллиард доллар миқдоридаги улушга эга эканини қайд этди.

Музокаралар якунига кўра “Al Bawani” компанияси Ўзбекистонда энергетика, меҳмонхоналар қурилиши ва қазиб чиқариш соҳаларига тўғридан-тўғри инвестициялар олиб кириш истагини қайд этди. Саудия Арабистонидаги бошқа йирик сармоядорларни ҳам Ўзбекистонга жалб этишга кўмаклашишини маълум қилди.

Элчихона компания мутахассислари билан тўғридан-тўғри алоқа ўрнатиб, зарурий қўшимча маълумотлар бўйича ҳамкорликда ишлашга келишиб олинди.

Томонлар халқаро қатновлар тиклангандан сўнг “Al Bawani” компанияси делегациясининг Ўзбекистонга сафарини ташкил қилишга қизиқиш билдирди.

Унинг доирасида инвестициялар ва ташқи савдо, қурилиш, энергетика, туризм ва бошқа истиқболли соҳалар бўйича тегишли вазирлик ҳамда идораларда учрашувлар ўтказилади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net