Саудия Арабистони компанияси қиймати 1 миллион долларлик Ўзбекистон қандолат маҳсулотларини импорт қилиш истагида

12.07.2020 10:26

АР-Р?ЁД, 12 июль /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Саудия Арабистонидаги элчихонаси миллий маҳсулотларимиз экспорт географиясини кенгайтириш мақсадида ушбу давлатнинг озиқ-овқат савдоси соҳасига ихтисослашган “Aman Marketing Trade Group” компанияси билан музокаралар олиб бормоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Компания раҳбари Аман Абубакр Туркистонийнинг Ўзбекистонга амалга оширган қатор ташрифлари ва улар натижаси ўлароқ Тошкентдаги “Crafers” компаниясининг қандолат маҳсулотларини Саудия Арабистонига экспорт қилиш бўйича келишувга эришилди. Қиймати 500 минг АҚШ долларига тенг экспорт шартномасига кўра, 40 тоннага яқин сифатли қандолат маҳсулотларининг экспорти ташкил этилади.

Ар-Риёддаги элчихонамиз хабарида келтирилишича, шартномада маҳсулотларни жорий йилнинг сентябрь ойида Саудия Арабистонига етказиш белгиланган. Ҳозирги кунда маҳсулотлар тури бўйича маълумотлар ҳамкор мамлакатнинг Дори-дармон ва озиқ-овқат маҳсулотларининг сифатини назорат қилиш агентлигига тақдим этиш, мувофиқлик сертификатини олиш ишлари олиб борилмоқда.

А.Туркистоний билдиришича, компания 2020 йил якунига қадар Ўзбекистондан қандолат маҳсулотлари импортини 500 мингдан 1 миллион АҚШ долларига етказиш ниятида.

Маълумот ўрнида, бундан олдин Ўзбекистоннинг “BMB Trade Group” билан “Aman Marketing Trade Group” вакиллари ўртасида ҳам видеомулоқот шаклида учрашув ўтказилган эди. Суҳбат чоғида янги мева-сабзавот маҳсулотлари, хусусан, гилос, ўрик, узум, полиз маҳсулотлари ва дуккакли экинлар, шунингдек, қуритилган сабзавот ва мевалар экспортини ташкил қилиш масаласи муҳокама қилинди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net