Россия билан кўп томонлама иқтисодий ҳамкорликни такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди

27.04.2020 14:21

ТОШКЕНТ, 27 апрель. /«Дунё» АА/. Жорий йилнинг 24 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзоқов телеконференция алоқаси орқали Россия Федерацияси Ҳукумат раҳбари ўринбосари А.Оверчук билан Ўзбекистон –Россия ўртасидаги савдо, инвестиция, саноат кооперацияси ва логистика соҳаларида ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири вазирлик манбасига асосланиб.

Мулоқотда мамлакатларимиз ўртасида стратегик ҳамкорлик ва иттифоқчилик муносабатларининг ҳозирги ҳолати юқори баҳоланди. Шу билан бирга, инвестиция ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш учун фойдаланилмаган улкан имкониятлар мавжудлиги, улардан самарали фойдаланиш бўйича аниқ таклифларни биргаликда ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди.

Қайд этилганидек, айни вақтда нефть-кимё, тоғ-кон, энергетика, қурилиш материаллари ва мева-сабзавотни қайта ишлаш соҳаларида йирик қўшма лойиҳаларни амалга ошириш жараёни кечмоқда.

Қатъий келишувларнинг янги рўйхатини шакллантириш мақсадида инвестиция ва саноат кооперацияси соҳасида ҳамкорлик йўналишларини кенгайтириш зарурлиги таъкидланди. Қўшма савдо ва логистика компаниялари, мева-сабзавотни тарқатиш марказларини ташкил қилиш, қишлоқ хўжалиги кластерлари ва бошқа лойиҳаларни амалга оширишдаги шериклик масалалари кўриб чиқилди.

Бундан ташқари, савдо соҳасида аниқ таклифлар, хусусан, икки мамлакат бозорларида талаб юқори бўлган маҳсулотларни ўзаро етказиб бериш ҳажмини ошириш чоралари муҳокама қилинди.

Музокаралар якуни бўйича жорий йилда ўтказилиши режалаштирилган қўшма минтақалараро бизнес-форум, таълим ва медиа форумларига тайёргарлик кўриш бўйича тегишли ташкилотлар саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга келишиб олинди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net