Қўқон суперфосфат заводини ривожлантириш учун Халқаро молия корпорацияси ва ЕТТБ банки кредитлари жалб қилинди

01.07.2020 16:44

ТОШКЕНТ, 1 июль. /«Дунё» АА/. «Indorama Kokand Fertilizers and Chemicals» – Халқаро молия корпорацияси (ХМК) – Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) ўртасида умумий қиймати 25 миллион долларга тенг бўлган кредит битимини имзолаш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги манбасига асосланиб.

Видеоконференцалоқа шаклида ўтган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов, ХМКнинг Европа, Лотин Америкаси ва Марказий Осиё бўйича вице-президенти Д.Бейкер, ЕТТБнинг ишлаб чиқариш ва хизматлар департаменти директори Ф.Люсент, Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Х.Мори, «Indorama Corporation» ижрочи директори А.Лохия ва бошқалар иштирок этди.

Битимга кўра, ХМК ва ЕТТБ томонидан тенг улушларда ажратилган кредит маблағлари Ўзбекистон Республикасининг давлат кафолатларидан фойдаланмаган ҳолда хорижий инвесторга тақдим этилади ва «Қўқон суперфосфат заводи» акциядорлик жамиятини замонавийлаштиришда «Indorama Kokand Fertilizers and Chemicals»нинг тўғридан-тўғри инвестицияларини молиялаштириш учун йўналтирилади.

Лойиҳа икки босқичда амалга оширилиши режалаштирилган. Биринчи босқичда иссиқхона экинлари учун сувда эрувчан ўғитлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади ва суперфосфат ишлаб чиқариш ҳажми йилига 100 мингдан 350 минг тоннагача оширилади. ?ккинчи босқичда дикалций фосфат, калий сулфат ва сулфат кислота каби янги кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилган.

Тадбирда иқтисодиёт тармоқларини ислоҳ қилиш, кичик ва ўрта бизнесни молиялаштириш, корпоратив секторни ривожлантириш, давлат активларини хусусийлаштириш ва республикага инвестицияларни жалб этишни мунтазам қўллаб-қувватлаётгани учун ХМК ва ЕТТБ га Ўзбекистон Республикаси ҳукумати номидан миннатдорлик билдирилди.

«Қўқон суперфосфат заводи»ни замонавийлаштириш лойиҳаси давлат активларини самарали ва ошкора хусусийлаштириш намунаси ҳамда Ўзбекистонда хорижий инвесторнинг «success story»сининг намойиши бўлиб хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди.

ХМК ушбу лойиҳани молиялаштиришдан ташқари, «Indorama» компаниясига ўғитларни тарқатиш тизимини ишлаб чиқиш ва ташкил қилишда маслаҳатлар беради ва фермерларга ер сифатини бошқариш соҳасида техник ёрдам кўрсатади.

ХМК вице-президенти Д.Бейкернинг сўзларига кўра, ушбу лойиҳа маҳаллий фермерлар эҳтиёжларини қондириш ва экспорт қилиш учун юқори сифатли ўғитлар ишлаб чиқаришни оширадиган инновацион энергия тежамкор технологияларни жорий этиш ҳисобига Ўзбекистоннинг кимё сектори ва қишлоқ хўжалигини янада ривожлантиришга ижобий таъсир кўрсатади.

– «Indorama Corporation» компанияси каби Ўзбекистонда фермер фаолиятини сезиларли яхшилаш, янги иш ўрни яратиш, мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлигини ошириш ва, умуман, инвестиция муҳитини сезиларли яхшилашга қодир компанияларнинг инвестицияларини жалб этишда кўмаклашишни давом эттиришни режалаштирмоқдамиз», - деди ХМК вице-президенти Д.Бейкер.

Ўз навбатида, ЕТТБ департаменти директори Ф.Люсент банкнинг давлат корхоналари ва банкларни хусусийлаштириш бўйича маслаҳат хизматларини кўрсатиш, банк кредит портфелини хусусий секторга йўналтирилган ҳолда кенгайтириш орқали Ўзбекистонга кўмак беришни давом эттириш ниятини таъкидлади.

Маълумот учун, «Қўқон суперфосфат заводи» 1935 йилда Қизилқум фосфорит комбинатининг «Тошқура» конидаги фосфоритлардан минерал ўғитлар ишлаб чиқариш мақсадида ташкил қилинган эди. Корхона фаолиятини диверсификация қилиш мақсадида 2019 йилда унинг 96 фоиз акциялари «Indorama Corporation» компаниясига сотилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net