Қашқадарёда экологик тоза дизель ёқилғиси, авиа керосин, суюлтирилган газ ишлаб чиқарадиган завод қурилади

28.04.2020 18:00

ҚАРШ?, 28  апрель. /“Дунё” АА/. “Ўзбекнефтегаз” акциядорлик жамиятининг ?нвестиция лойиҳаларини амалга ошириш департаменти маълумотига кўра, “Шўртан газ кимё мажмуасининг тозаланган метан асосида суюлтирилган синтетик ёқилғи ишлаб чиқариш” инвестиция лойиҳаси амалга ошириляпти, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири вазирлик манбасига асосланиб.

Лойиҳа бўйича табиий газни қайта ишлаш қувватларини кенгайтириш, углеводород хомашёси импортини қисқартириш, ички бозорда сифатли ва экологик тоза ёқилғига бўлган талабни қондириш, бозорни маҳаллий хомашёдан ишлаб чиқариладиган стратегик маҳсулотлар билан таъминлаш кўзда тутилган.

Умумий нархи 3,6 миллиард АҚШ доллари атрофида баҳоланаётган давлат кафолати остидаги лойиҳа Жанубий Корея ва Хитойнинг халқаро молия институтлари, хорижий тижорат банклари кредит маблағлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳамда “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти маблағлари ҳисобидан молиялаштирилмоқда.

Завод ишга тушгач, йилига 1,5 миллион тонна юқори сифатли ва экологик тоза синтетик ёқилғи ишлаб чиқаради. Жумладан, 724,6 минг тонна дизель ёқилғиси, 307,3 минг тонна авиа керосин, 437,3 минг тонна нафта, 53,4 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқарилиши режалаштирилмоқда.

Завод дунёнинг нефть ва газ кимёси соҳасида етакчи ҳисобланадиган “Sasol” (Жанубий Африка), “Haldor Topsoe” (Дания) ва “Chevron” (АҚШ) каби компаниялар технологиялари асосида лойиҳалаштирилган бўлиб, бу ерда 808 та янги иш ўрни яратилади.

Бу ерда ишлайдиган мутахассислар ҳозирда “Шўртан”, “Устюрт” газ кимё мажмуалари, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ҳамда Қатар давлатидаги ишлаб чиқариш заводларида иш ўрганмоқда. 

Бугунги кунда лойиҳа доирасида шартноманинг 86 фоиздан зиёди бажарилган бўлиб, қурилиш майдонида 9 минг нафардан ортиқ мутахассис ва ишчи, 900 дан ортиқ қурилиш ва махсус техника жалб қилинган.

Заводнинг қурилиш-монтаж ишларини жорий йилнинг декабрь ойига қадар тугатиш режалаштирилган.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net