Польша Ўзбекистондан маҳсулотлар импорт қилиш бўйича етакчи давлатлардан бири мавқеини эгаллаб турибди

03.02.2021 18:02

ВАРШАВА, 3 февраль. /«Дунё» АА/. 2020 йил Ўзбекистон-Польша алоқалари, хусусан, иқтисодий дипломатия йўналишида муҳим йил бўлди.

Ўзбекистоннинг Польшадаги элчиси Баҳром Бобоев «Дунё» ААга берган интервьюсида пандемия ва глобал иқтисодий инқироз туфайли чекловлар билан боғлиқ қийинчиликларга қарамасдан, ўтган йил Польшага ўзбек маҳсулотлари экспорти 60 миллион доллардан ошгани, мазкур кўрсаткич 2019 йилга нисбатан қарийб 55 фоизга кўпайганини маълум қилди.

Польша Европа ?ттифоқи мамлакатлари орасида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар импорти бўйича 2-ўринга (етакчи - Франция) чиқди.

2020 йилда Ўзбекистондан  Польшага тўқимачилик буюмлари ва тайёр кийим-кечак (қарийб 60%), мева-сабзавот ва қуритилган мева (16%), минерал ўғитлар (9%), рангли металлар (5%), чарм-тери (3%) ва бошқа маҳсулотлар (7%) экспорт қилинди. Мамлакат бозорига биринчи марта ўзбек гилоси, қовун ва тарвузлари кириб келгани диққатга сазовордир. Бундан ташқари, электрон модуллар (ноутбуклар, қаттиқ дисклар ва бошқа технологик маҳсулотлар учун матрицалар) экспорт қилиш ҳажми ҳам ошди.

Элчихонанинг бевосита кўмагида 2020 йилда умумий қиймати 11,6 миллион доллар бўлган 12 та экспорт шартномаси имзоланди. Экспорт ва импорт масалалари бағишланган 40 га яқин бизнес-форум, семинар ва “давра суҳбати”, шунингдек, ишбилармон доиралар вакиллари билан 180 дан ортиқ учрашув ўтказилди.

Жаҳонда ип-газлама маҳсулотлари нархи кўтарилаётган бугунги шароитда ҳам Польша тўқимачилик компанияларининг Ўзбекистонда тайёрланаётган ип-калава, материаллар, газламалар, тайёр тўқимачилик буюмларига бўлган қизиқиши барқарор равишда ўсиб бормоқда. Поляклар ўзбек тўқимачилик маҳсулотларининг юқори сифатидан мамнун.

2020 йил Польша тўқимачилик саноати маркази ҳисобланган Лодзь шаҳрида элчихона кўмагида «Парвоз Ҳумо Равнақ Транс» МЧЖ томонидан «Haj Tex Sp. z o.o.» ва «ДЭУ Бухоро Текс» хорижий корхонаси томонидан «Daewoo Comsco» брендлари остидаги маҳсулотлар савдо-сотиғига ихтисослашган савдо уйлари очилди.

Жорий йил Варшавадаги «GD International» тўқимачилик улгуржи бозорида ўзбек тўқимачилик буюмлари шоурумини ташкил этиш режалаштирилган. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг юқори сифати бу ерда катта ҳажмдаги шартномалар имзоланишини таъминлайди, деган умиддамиз.

Польшага мамлакатимизда тайёрланаётган маҳсулотлар экспортини сезиларли даражада ошириб, бу йил унинг ҳажмини 73 миллион долларга етказиш мўлжалланмоқда. Жумладан, тўқимачилик ва металл маҳсулотлари, мева-сабзавот, чарм-галантерея буюмлари экспорти кўрсаткичлари ўсиши кутилмоқда.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда етиштириладиган мева-сабзавотларни сертификатлаш бўйича махсус ЭКО лабораторияни ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда. Бу Ўзбекистондан Польша ва Европа давлатларига сабзавот ва меваларни тўсиқсиз олиб кириш имкониятини яратади.

Ўзбекистондан тўқимачилик, мева-сабзавот ва металл маҳсулотларини етказиб беришни таъминлаш мақсадида «Online Business Matching» платформаси орқали польшалик импортчилар билан музокаралар олиб бориш режалаштирилган.

Апрель ойига режалаштирилган ?қтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Польша ҳукуматлараро комиссиясининг 7-йиғилишида ҳам Польшага ўзбек маҳсулотлари экспорт ҳажмини оширишга оид масалалар муҳокама қилинади.

Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлардаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари 2020 йил декабрь ойида бир ҳафта давомида Қорақалпоғистонда бўлиб, ушбу минтақада сармояларга муҳтож соҳалар, шунингдек, маҳаллий корхоналарнинг экспорт имкониятлари билан яқиндан танишди. Қорақалпоғистон туманларига жуда фойдали ва самарали ташриф доирасида 2021 йилда Польшага қизилмия илдизи ва тўқимачилик маҳсулотлари экспортини ташкил этиш, Қорақалпоғистон ва Польша тадбиркорлари ўртасида яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди, бу йўналишдаги амалий ишлар режалаштирилди.

Умуман олганда, 2021 йил Ўзбекистон-Польша муносабатлари учун самарали бўлиши, баъзи жиҳатлар бўйича, хусусан, ушбу мамлакатга экспорт ҳажмини оширишда катта ютуқларга эришилиши кутилмоқда.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net