Покистоннинг «Yousuf Dewan Companies» конгломерати Ўзбекистонда йирик сармоя лойиҳасини амалга ошириш истагида

05.05.2020 14:34

ТОШКЕНТ, 5 май. /“Дунё” АА/. «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси раҳбарияти «Yousuf Dewan Companies» компанияси президенти Деван Муҳаммад Юсуф Фаруки билан видеоконференция шаклида музокаралар олиб борди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири уюшма Ахборот хизмати маълумотига асосланиб.

Онлайн учрашувда Ўзбекистон Республикасининг Покистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси, «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси вакиллари ва Покистон компанияси мутасаддилари иштирок этди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистонда тўқимачилик саноатининг ривожланиши ва бугунги ҳолати, ҳукумат томонидан хорижий инвесторларни қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида батафсил маълумот берди.

Покистон томони мамлакатимизда ривожланиб бораётган пахта-тўқимачилик кластери тизимига қизиқиш билдирди.

Ҳамкор томон учун Ўзбекистондаги кластерларнинг Ҳиндистон, Хитой, АҚШ каби давлатлардаги муқобил тизимлардан фарқли жиҳатлари, бугунги кунда юртимизда муваффақиятли амалга оширилган лойиҳалар ташаббускорлари учун тақдим этилган имтиёз ва преференцияларга бағишланган тақдимот ташкил қилинди.

Музокаралар якунида Д.Фаруки Ўзбекистонда пахта-тўқимачилик кластерини яратиш бўйича йирик сармоявий лойиҳани амалга ошириш имкониятини кўриб чиқишга тайёр эканини билдирди. У режаларининг кейинги босқичи сифатида тайёрланган тўқимачилик маҳсулотларини Европа ?ттифоқи ва МДҲ мамлакатларига экспортга йўналтиришини қайд этди.

Маълумот учун, “Yousuf Dewan Companies” компанияси 1916 йилда ташкил этилган. У турли соҳалардаги (тўқимачилик, автомобилсозлик, машинасозлик, қурилиш ва бошқалар) 12 та ишлаб чиқариш корхоналарини бирлаштирган бўлиб, уларда 3 минг 400 киши доимий иш билан банд. Компаниянинг йиллик даромад капитали 800 миллион доллар атрофида баҳоланади. Компания «BMW Group», «Mitsubishi Corporation», «Mitsubishi Motors» ва Жанубий Кореянинг кимёвий холдинглари иштирокидаги қўшма сармоявий лойиҳаларга эга.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net