Покистондаги «Evolve Business Insight» журналининг Ўзбекистонга бағишланган махсус сони чоп этилди

11.02.2020 16:19

?СЛОМОБОД, 11 февраль. /«Дунё» АА/. Покистонда нашр этиладиган «Evolve Business Insight» ишбилармонлар журналининг  Ўзбекистон ҳақидаги махсус сони  чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Махсус сон журнал бош муҳаррири М.?жаз томонидан Ўзбекистоннинг Покистондаги элчихонаси кўмагида нашр этилди. Журналда мамлакатимизнинг Покистондаги элчиси Ф.Сиддиқов билан интервью эълон қилинган бўлиб, дипломат Ўзбекистон иқтисодий ривожланиши, сармоявий муҳит ва сайёҳлик салоҳияти ҳақида батафсил маълумот беради.

Журнал материалларида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, инвестиция муҳитини яхшилашдаги саъй-ҳаракатлар, инновацион технологияларни жорий этишдаги интилишлар, фармацевтика, тўқимачилик, кимё саноати ва туризм каби ривожланаётган соҳалар батафсил ёритилган. Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган ишларга юқори баҳо берилган.

Нашрда бугунги кунда Ўзбекистонда чет эл инвестициялари иштирокида минглаб корхона, шу жумладан, дунёга машҳур трансмиллий компаниялар фаолият юритаётгани қайд этилади. Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратаётгани келтирилади. Ўзбекистон ёш тадбиркорлари уюшмаси, Ёшлар академияси ва Ёшлар иттифоқи ташкил этилгани маълумот сифатида келтирилади.

Покистон нашри ўрта ва кичик бизнеснинг Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотидаги улуши 59,4 фоиз эканига эътибор қаратади.

Журналда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва ишбилармонлик муҳитини яхшилашга қаратилган туб ислоҳотлар натижаси ҳақида ҳам фикр билдирилади. Жаҳон банкининг “Doing Business 2020” рейтингида Ўзбекистон етти позиция бўйича ўз ўрнини мустаҳкамлаб, 69-ўринни эгаллагани ва етакчи ислоҳотчи давлатлар 20 талигига киргани бўйича маълумотлар ҳам акс этган.

Журнал ўз муштарийларини Ўзбекистон сайёҳлик имкониятлари билан таништирар экан, исломдан олдин ва кейинги даврга оид маданий мерос объектларининг 300 дан ортиғи Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз, Термиз ва бошқа шаҳар музейларида жойлашганини таъкидлайди. Уларнинг аксарияти ЮНЕСКОнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилган.

Журнал муҳаррири Ўзбекистонда туризмга миллий иқтисодиётнинг стратегик соҳаси мақоми берилганига урғу беради. Ушбу соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини ошириш мақсадида қабул қилинган ҳуқуқий ҳужжатлар шарҳи келтирилади.

“Ўзбекистонда виза тартиби соддалаштирилган, келгусида Покистон фуқаролари учун ҳам шу каби қулайликлар яратиш мақсадида музокаралар олиб борилмоқда”, деб ёзади “Evolve Business Insight” бизнес журнали.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net