Нидерландия компанияси Ўзбекистон маҳсулотларнинг Европа бозорларига экспортини оширишга кўмаклашади

17.07.2020 12:38

АМСТEРДАМ, 17 июль. /«Дунё» АА/. Мамлакатимизнинг Бенилюкс давлатларидаги элчихонаси, Ўзбекистон Республикаси ?нвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни ривожлантириш агентлиги Нидерландиянинг «Agri Food EU» компанияси раҳбарияти билан онлайн музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Тадбирда Ўзбекистон Республикасининг Бенилюкс мамлакатларидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Дилёр Ҳакимов коронавирус пандемияси шароитида дипломатик ваколатхона Ўзбекистон маҳсулотларини Европа бозорларига экспорт қилиш учун тизимли иш олиб бораётганини таъкидлади. Хусусан, Ўзбекистондан Бенилюкс мамлакатларига экспорт қилинадиган асосий маҳсулотлар тўқимачилик, қуритилган ва янги узилган мевалар, металл ва нефть маҳсулотлари ҳисобланади. Бундан ташқари, ҳозирги кунда чарм маҳсулотларини Европага экспорт қилиш масалалари кўриб чиқилмоқда.

«Agri Food EU» компанияси Ўзбекистонда 3 йилдан буён фаолият кўрсатмоқда. Компания Ўзбекистон бозорига киришдан аввал бир йил давомида ўрганишлар олиб борди.

 Нидерландия томони Ўзбекистондан Европага қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш ҳолати ва истиқболлари ҳақида фикр билдирди. Ўз навбатида, Ўзбекистон мева ва сабзавотлари Европа бозорида маълум ва машҳур эканини таъкидлади. Европага экспорт ҳажмини оширишда сифатли маҳсулотнинг белгиланган нархларда ва барқарор етказиб берилиши зарурлигини айтиб ўтди.

Шунингдек, мулоқот давомида фермер ва деҳқонларнинг малакасини ошириш муҳимлиги таъкидланди. Ушбу йўналишда фермерларнинг маҳсулотларни сифатли йиғиш, сақлаш ва харидорга етказиб бериш соҳасидаги малакаларини ошириш бўйича тизимли ишларнинг аҳамияти таъкидланди.

Маҳаллий маҳсулотларнинг Европа бозорларига экспортини рағбатлантириш мақсадида маҳаллий экспортчилар ва Европа қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик маҳсулотларини импорт қилувчилар иштирокида онлайн кўргазмалар ўтказиш амалиётини йўлга қўйиш таклиф қилинди.

Учрашув якунида маҳаллий маҳсулотларни Европа бозорларига экспорт қилиш билан боғлиқ муаммо ва уларни ҳал қилиш йўлларини аниқлаш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net