Марказий Осиё қишлоқ хўжалиги вазирлари озиқ-овқат тизимига инновацияларни жорий этиш масалаларини муҳокама қилди

18.03.2021 13:31

ТОШКЕНТ, 18 март. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев Марказий Осиё мамлакатлари аграр сектори раҳбарларининг видеоконференция шаклида ўтказилган  «Озиқ-овқат тизимидаги инновациялар: озиқ-овқат тизимлари бўйича саммитга йўл» учинчи кенгашида иштирок этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Тадбирда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон қишлоқ хўжалиги вазирлари, ФAО бош директори, БМТнинг минтақавий вакиллари, Барқарор озиқ-овқат тизимлари бўйича махсус ишчи коалиция, Евроосиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, ?ФAД, ?слом тараққиёт банки ва Жаҳон банки вакиллари қатнашди.

Учрашувнинг мақсади озиқ-овқат тизимини барқарор ривожланиш манфаатлари йўлида хизмат қиладиган тарзда ўзгартириш усулларини кўриб чиқиш ҳамда Марказий Осиё минтақасида озиқ-овқат тизимларини такомиллаштиришнинг асосий вазифаларини белгилашдан иборат. Шунингдек, инновацияларни ривожлантириш учун қулай муҳит яратишга қаратилган баъзи истиқболли қишлоқ хўжалиги стратегиялари ҳам муҳокама қилинди.

Жамшид Ходжаев ўз нутқида 2030 йилгача бўлган Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегияси доирасида замонавий билимларни қишлоқ хўжалиги соҳасида қўллашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Ушбу мақсадда қишлоқ хўжалигида илғор илмий ишланмалар, янги методикалар, биотехнология ва сувни тежаш технологиялари жорий этилмоқда, шунингдек, уруғ етиштириш фаол ривожланмоқда.

- Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантиришнинг инновацион омили биринчи ўринга чиқмоқда, - деди Ж.Ходжаев. - Мамлакатимиз ҳудудларида ноёб AKIS агро хизматлар марказларини яратиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Улар «ягона дарча» тамойили асосида фермерларга кенг кўламли ихтисослашган хизматларни тақдим этади. Халқаро сертификатлаш, ветеринария тиббиёти, уруғлар, кўчатлар, ёш чорва моллари савдоси, тупроқ ва суғориш сувларини таҳлил қилиш, фитосанитар хавфларни баҳолаш ва бошқа кўплаб хизматлар шулар жумласидандир. Шунингдек, ушбу марказларда доимий равишда хорижий етказиб берувчиларнинг янги технологияларини намойиш этиш ишлари ташкил этилади ва фермерлар шу ернинг ўзида шартномалар тузиш имкониятига эга бўладилар..

Кенгаш йиғилишида 2021 йилда ўтказаладиган Озиқ-овқат тизимлари бўйича саммитда ушбу соҳадаги минтақавий ҳамкорликни ҳисобга олган ҳолда иштирок этиш масаласи муҳокама қилинди.

Жамшид Ходжаев Европа ва Марказий Осиё учун Барқарор озиқ-овқат тизимлари бўйича махсус ишчи коалиция ишида фаол иштирок этишга Ўзбекистон тайёр эканини билдирди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net